2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси маъқулланди

0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг тегишли қоидалари асосида Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мамлакатнинг узоқ муддатли мақсадлари ва устуворликларига мувофиқ ишлаб чиқилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур ҳужжат қарорлар қабул қилиш ва ижро этишнинг барча соҳа ҳамда даражаларида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга кенг қамровли ёндашувни назарда тутади. Шунингдек, Стратегия эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш ҳамда инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига риоя қилиш мақсадида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Стратегияда барча учун тенг ҳуқуқли ва сифатли таълимни таъминлаш, қишлоқ жойларида қизларнинг олий маълумотга эга бўлиши, хотин-қизлар гендер тенглигига эришиш, зўравонликка йўл қўймаслик, одам савдосининг олдини олиш каби масалалар қамраб олинган.

Эътиборли жиҳати шундан иборатки, мазкур стратегиядаги йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ҳолда белгиланган.

Гендер тенгликка эришиш стратегияси асосан узоқ истиқболдаги мақсадли вазифалардан келиб чиқиб, қатор устувор йўналишларда амалга оширилади. Давлат хизмати, ижтимоий-иқтисодий, оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбиясида, сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш шулар жумласидан.

Шунингдек, стратегияда гендер тенгликни таъминлаш тадбирларини ҳисобга олган ҳолда давлат дастурларини бюджетлаштириш ва молиялаштириш ҳам кўзда тутилган. Гендер стратегиясини амалга оширишдан салмоқли натижаларга эришиш кутилмоқда. Хусусан, юқори ва қуйи тизимдаги давлат органларининг раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни тайинлаш амалиёти кенгаяди.

Гендер номутаносиблик мавжуд бўлган давлат органларида вақтинчалик квоталаш тизимини жорий қилиш орқали хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги мутаносиблик таъминланади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган, айниқса, қишлоқ жойларидаги оилалар хотин-қизларини иш билан таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш, шунингдек, ўзини ўзи банд қилишга эришилади.

Энг асосийси – хотин-қизларга нисбатан иш жойларидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олди олиниб, жамиятда уларга нисбатан шаклланган салбий қарашларга барҳам берилади.

Гендер стратегияни амалга ошириш Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги стратегик мақсадлар контекстида қабул қилинган миллий ва халқаро мажбуриятлар (Пекин Декларацияси ва Ҳаракатлар режаси, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция, Барқарор ривожланиш мақсадлари ва бошқалар)ни бажаришга кўмаклашади.

Сенаторлар томонидан жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий фаоллигини ошириш каби мураккаб масалалар биргина давлат ҳамда жамоат тузилмалари зиммасига юклатилган вазифа эмаслиги, бу борада барчанинг фаол иштирокини кучайтириш муҳимлиги борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

loading...