Тошлоқда қарздор отадан 10000 доллар миқдорида алимент ундирилди

0

Мажбурий ижро бюроси Тошлоқ туман бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг 03.07.2013 йилдаги 4170/2013-сонли суд буйруғига асосан қарздор Ш.Э.дан ундирувчи Д.М. фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандлари учун алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати мавжуд.

Ижро ҳужжати бўйича қарздор Ш.Э. иш жойига эга бўлганлиги ва мунтазам равишда алимент унинг иш ҳақидан ўз вақтида ундириб келинганлиги сабабли ундирувчи Д.М. бирор маротаба эътироз билан мурожаат қилмаган.

Жорий йилнинг 24 май куни ундирувчи Д.М. турмуш ўртоғининг иш ҳақи ва бошқа тўловларини қайта ҳисоб-китоб қилиш масаласида қилган мурожаати ўрганилганида, қарздор Ш.Э. 2017-2020 йиллар ва 2021 йил 4 ойи давомида унга ҳисобланган иш ҳақидан ташқари бошқа тўловлардан алимент учун суд буйруғида белгиланган 1/3 қисм миқдорида пул маблағларини ажратмаганлиги аниқланган.

Қайта ҳисоб-китоб натижасида қарздор Ш.Э. 4 йилдан ортиқ давр мобайнида иш ҳақидан ташқари даромадларини яшириши оқибатида 106 млн. 500 минг сўм алимент қарзи тўланмасдан қолганлиги маълум бўлди.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор Ш.Э.дан 106 500 000 сўм ҳисобида 10.000 (ўн минг) АҚШ доллари миқдоридаги алимент пули нақд шаклда холислар иштирокида тўлиқ ундирилиб, унга топширилди.

Шу билан биргаликда, қарздор Ш.Э.нинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳам ҳал этилди.

loading...