Дардмандлар дарди — унинг дарди

0

Назира Султонова Самарқанд шаҳридаги 20- ўрта мактабда ўқиди. Ўқувчилик даврида уйидан мактабгача бўлган масофани босиб ўтар экан, ҳар кун бу қадим кент манзараларини ҳавас билан томоша қилди. Кўҳна Регистон майдони, унинг атрофи гўзалликларига ҳавас билан боқди, нилий гумбазли минораларга қараб ҳайратланди. Уларни барпо этган бунёдкор боболарига тасаннолар айтди. Ва яна ўйладики, “Бунёдкорлик ишларининг бариси соғлом ҳаёт тарзи туфайлигина амалга ошган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Англашиладики, бундай эзгуликларни давом эттириш албатта одамлар соғлиги билан боғлиқ. Демак, мен малакали шифокор бўлишим, юртимиз бунёдкорлари, барча эзгуликлар иштирокчилари, бутун халқим  саломатлиги йўлида меҳнат қилишим керак”.

Ана шундай ўйлар унинг  шифокорлик касбига меҳр қўйишига сабаб бўлди. Йиллар ўтиб, кечаги ўқувчи қиз Назира ниятига етди. Самарқанд тиббиёт институтининг даволаш факультетида ўқий бошлади. Институтни битириб, меҳнат фаолиятини бошлади, дардмандларнинг яқин кишисига айлана бошлади. Бир неча йил мобайнида вилоят ўсмирлар диспансери бош шифокори ўринбосари бўлиб ишлади. Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти  ҳамда Тошкент  ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали талабалари саломатлигини сақлаш йўлида хизмат қилиб келмоқда.

Назира Султонова яқинда тиббиётдаги кўп йиллик самарали фаолияти учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Ўзбекистон соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, шаҳар ҳокимлиги димломлари, эсдалик совғалари билан мукофотланди. Меҳнатлари муносиб баҳоланган Назира опа шифокор бўлишни орзу қилган дамларида, талабалик йилларида ҳам бир қатор ютуқларга эришганди. У Грузияда бўлиб ўтган тиббиёт институтлари талабалари ўртасидаги фан олимпиадасида муваффақиятли иштирок этиб, совринли ўринни эгаллаганди, Россия, Украина давлатларида соҳага оид илмий-амалий конференцияларда ўз маърузалари билан иштирок этганди.

Отаси Турсун ака (охиратлари обод бўлсин ) эл суйган шифокорлардан бири эди. Ҳамон самарқандликлар у кишини ширин хотиралар билан ёд олишади.Турсун шифокор вилоятнинг турли туманларида кўп йиллар аҳоли саломатлигини сақлаш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш йўлида елиб-югуриб хизмат қилди. Турмуш ўртоғи (марҳума) Кибриё Аҳмедова кўп йиллар ёшларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан сабоқ берди. Уларнинг уч нафар қизлари бўлиб, каттаси Назира ота касбини эгаллади, сингиллари Нодира ва Нигоралар оналари изидан боришди.

Биламизки, бугуннинг аёли нафақат ҳозирини, балки, эртасини ҳам ўйлайди, меҳр нури ила дунёни ёритади. Аммо бу билан унинг кўнгли тўлмайди, фикру хаёлини янги-янги режалар тузишга, уларни амалда бажаришга банд этаверади.

Инсон саломатлиги йўлида ўз умрини бахшида этаётган Назира Султонова ана шундай меҳри дарё аёллардан. У айни пайтда вилоят ўсмирлар диспансери бош шифокори ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиши билан ўзи туғилиб ўсган Самарқанд шаҳридаги “Деволи кўндаланг” маҳалласида ҳам бир қатор ибратли ишларни амалга оширмоқда.

Опа маҳаллада ҳам, иш жойида ҳам  ҳамиша дардмандлар дардига шифо топиш йўлларини излайди. Шу сабабдан бўлса керак, эл орасида опанинг обрўси баланд.

Алимардон ХУДОЙҚУЛОВ

 

 

 

 

 

 

 

 

 

loading...