Куч тузилмалари билан ҳамкорликда қўмондонлик-штаб ўқув машғулоти ўтказилди

0

“Чирчиқ” полигони ҳудудида жойлашган Дала моделлаштириш ва симуляция марказида куч тузилмалари билан ҳамкорликда батальон тактик гуруҳининг жанговар қўлланишига оид қўмондонлик-штаб ўқув машғулоти ўтказилди.

Икки босқичдан иборат бўлган тактик ўқувларда Тошкент ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, унинг тасарруфидаги ҳарбий қисм ва бўлинмалар масъул офицерлари Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардия ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан тегишли вазифаларни бажариш бўйича ҳамкорликда иш олиб борилди.

Машғулот режасига кўра иштирокчилар билан биринчи босқичда тактик тайёргарлик, разведка, ҳарбий топография, алоқа тайёргарлиги, электрон ишлашни ўрганиш ва электрон ҳужжат айланиши (геоинформацион тизим) ҳамда моделлаштириш ва симуляция воситалари ёрдамида рақамли харитада тактик топшириқларни бажариш бўйича назарий ва амалий машғулотлар бажарилди.

— Тактик бўғиндаги бўлинмаларнинг қўмондонлик таркибини тайёрлаш Дала моделлаштириш ва симуляция марказининг муҳим вазифаси саналади, — дейди Қуролли Кучлар моделлаштириш ва симуляция бўйича ахборот технологиялари махсус маркази катта илмий ходими подполковник Жасур Баратов. — Марказда JCATS комплекс дастури ўрнатилган бўлиб, мазкур тизим жанговар машғулотларни реал вазиятга яқинлаштириб беради. Яъни тизим замонавий ҳарбий можаролар таҳлили асосида қўшинлар ҳаракатининг янги усулларини тадқиқ қилишда, куч ва воситаларнинг ҳамкорликда ҳаракатланишида, шунингдек, миллий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган хатарларни бартараф қилишда командирларининг ностандарт қарорлар қабул қилиш кўникмаларини шакллантиради.

Ўқувнинг иккинчи босқичида бўлинмаларга жанговар оператив-тактик компьютер тренажёри (JCATS) комплекс дастуридан фойдаланган ҳолда тегишли йўналиш бўйича қўшинлар махсус ҳаракатларини олиб бориш вазифаси қўйилди.

Унга кўра батальон тактик гуруҳи давлат чегараларини қўриқлаш ва мудофаа қилишни кучайтириш, ноқонуний қуролли тузилма жангариларининг ҳаракат йўналишида ўтиш мумкин бўлган жойларни тўсиш, разведка-диверсион гуруҳлар билан ишлаган ҳолда шаҳарлар ва аҳоли пунктлари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда бошқа фавқулодда ҳолатларни бартараф қилишда амалий вазифаларни бажаришга киришди.

Фурсатдан фодаланиб реал вазиятларга яқинлаштирилган машғулотда ўзининг командирлик қобилиятини синаб кўраётган ҳарбий хизматчиларнинг таассуротлари билан қизиқдик.

— Кўриб турганингиздек айни пайтда гуруҳим билан юқори қўмондонлик томонидан берилган вазифани бажаришга киришганмиз, — дейди машғулот иштирокчиси катта лейтенант Илёс Абдураҳмонов. — Хусусан, мазкур дастурда қўриқлов отрядларидан белгиланган заставаларга чиққан ҳолда қўл остимдаги “жанговар бўлинма”ни буюрилган топшириқ асосида тўғри ҳаракатлантириш, кутилмаган вазиятларда тезкор қарор қабул қилиш, гуруҳимда мавжуд гуруҳ ва ўқотар қуроллардан унумли фойдаланиб “шартли душман”нинг давлат чегарасини бузиб ўтишига тўсқинлик қилиш, керак бўлган тақдирда уни яксон қилиш амалларини бажаряпмиз. Албатта, бу бизнинг соҳа бўйича салоҳиятимизни янада оширибгина қолмай, фавқулодда вазиятларда куч тузилмаларининг биргаликда ҳаракатланиш тажрибаларини ҳам мустаҳкамлайди.

Шубҳасиз, ўқув иштирокчилари қаторида ижодий жамоамиз билан дала шароитида тактик ҳолатни ҳар томонлама баҳолаш, маълум йўналишлар бўйича муҳим ва тезкор қарор қабул қилиш жараёнларида бўлинма, ўқотар қурол ва махсус воситаларнинг рақамли харитада гавдаланаётган жонли ҳаракатларини кузата туриб, ҳақиқий жанг майдонини ҳис қилиб кўрдик, десак муболаға бўлмайди.

Ниҳоят бир неча кун давом этган қўмондонлик-штаб ўқувлари якунланиб, эришилган натижалар бўйича сарҳисоб вақти етиб келди.

Умумий хулосаларга кўра, бўлинма командирларининг ҳаракатлари юқори баҳоланиб, нисбатан йўл қўйилган айрим хато ва камчиликлар эслатилди. Юқори раҳбарият томонидан навбатдаги ўқув жараёнларида айнан қандай жиҳатларга аҳамият бериш кераклиги борасида атрофлича таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси соҳа мутахассисларига юклатилди.

Муҳаммаджон Хўжаев, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

loading...