Болалар ҳаётимиз давомчилари, юртимизнинг эртанги эгалари ҳисобланади. Шу боис ҳам, уларни асраб-аввайлаш, ҳимоя қилиш, жисмонан соғлом, ақлан етук қилиб тарбиялаш давлат ва жамият, қолаверса, барчамизнинг бурчимиздир.
Ўзбекистонда бу масалага давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилади. Хусусан, 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни катта шодиёна тарзда нишонланиб, фарзандларимиз учун турли саломатлик акциялари, хайрия тадбирлари ўтказилади. Ушбу кун тарихига назар солсак, 1925 йил Женевада бўлиб ўтган бутунжаҳон конференциясида 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида белгиланган. Ушбу сана 1950 йилдан буён бутун дунёда байрам қилиб келинади.
Айни пайтда юртимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни соғлом ва баркамол авлод сифатида улғайтириш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2019 йил 11 мартдаги “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 23 октябрдаги “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги қонунлар оналар ва болалар саломатлигини сақлаш йўлида дасмтуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, тизимга оид бир қатор Президентимиз Фармон ва қарорлари оналар ва болалар хасталиги ҳамда ўлимини олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимизда янги туғилган, айниқса, ўта кам вазнли чақалоқларни парваришлаш учун шароитлар яратилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳар бир давлат учун шу йўналиш бўйича ривожланганлик даражасини белгиловчи мезонларни ишлаб чиққан. Унга кўра, агар бола ҳомиладорликнинг 22 ҳафтасида туғилиб, вазни 500 грамм ва ундан ортиқ, бўйи 25 сантиметр ва ундан ортиқ бўлса, у тирик туғилган ҳисобланади. Табиийки, қатор давлатлар бу тавсияларни ўзларидаги неонатология соҳасининг ривожига қараб, турли йилларда қабул қилишди.
Таққослаш учун айтиш мумкинки, баъзи мамлакатларда бу мезонлар 28 ҳафтадан бошлаб, боланинг вазни 1000 грамм, бўйи 35 сантиметр деб ҳам белгиланган. Шу сабаб, Ўзбекистонда бу мезонларга ўтиш учун давлат дастурларида қатор долзарб вазифалар, аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, амалга оширилди.
Ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириб, кўламини янада кенгайтириш мақсадида ҳар бир ҳудудда перинатал тизимнинг кенг тармоғи яратилди. Айтиш мумкинки, бундай марказларда илғор клиникалар тажрибаси асосида энг замонавий қулайликлар яратилган.
Шунингдек, пойтахтимизда замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозланган Болалар миллий тиббиёт маркази қурилиб, ўз фаолиятини бошлади. Қиймати 130 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган мазкур тиббиёт маркази Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) иштирокида барпо этилди. Марказ таркибидаги поликлиника кунига 250 нафаргача бемор қабул қилиш имкониятига эга. Марказ магнит резонансли томография, мультиспирал компьютер томография, замонавий лаборатория ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозланган.
Шунингдек, айни пайтда юртимизда ҳамда вилоят миқёсида неонатал хирургия, болалар кардиожарроҳлик, қизлар гинекологияси ҳамда каминвазив (лапароскопик) гинекология ҳамда Болалар Миллий тиббиёт маркази бўлимлари ташкил этилди. Хусусий тиббиёт муассасалари учун туғруқни қабул қилиш тиббий фаолият тури билан шуғулланишга рухсат берилди. Шу кунларда болалар гематология ва онкология хизматини тубдан яхшилаш йўналишида ҳам катта ўзгаришлар бошланганлиги ҳаммамизга равшан.
Албатта, буларнинг барчаси Ўзбекистон болаларини бахтли, соғ-саломат, ҳам жисмонан, ҳам ақлан етук бўлиб вояга етиши йўлидаги амалий саъй-ҳаракатлардир. Зеро, мамлакатимизнинг келажаги, халқимизнинг эртанги куни бугун униб-ўсиб келаётган ана шундай эртамиз давомчилари қўлида экани, шубҳасиз.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.