Хитой яна янги касаллик ўчоғи бўлиши мумкин

0

Хитойда одамга янги турдаги парранда гриппининг юқиши билан боғлиқ биринчи ҳолат аниқланди.

Хитойда дунёда биринчи бўлиб инсонда H10N3 парранда гриппи аниқлади. Бу ҳақда мамлакат Миллий соғлиқни сақлаш комиссиясига таяниб «РБК» хабар берди.

Муассаса маълумотларига кўра, касаллик Сзянсу провинциясининг Чженсзян шаҳрида яшовчи 41 ёшли эркакда тасдиқланган. 23 апрель куни у иситма ва бошқа номаълум симптомлар билан касалхонага ётқизилган, 28 май куни мутахассислар беморнинг таҳлилларини ўрганиб, у H10N3 парранда гриппи билан касалланган деган хулосага келди. Эркак касалликни айнан қандай юқтирган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилмаган.

Комиссия маълумотларига кўра, ҳозирда эркакнинг аҳволи барқарор ва уни касалхонадан чиқариш мумкин. У билан алоқада бўлганлар орасида касалликни юқтириш ҳолатлари аниқланмаган. H10N3 — паррандалар орасида тарқаладиган қўзғатувчиси суст вирус. Комиссияда таъкидланганидек, у «одамларга юқадиган даражада самарадорликка эга эмас». Мутахассислар тирик ва шунингдек, касалликдан нобуд бўлган паррандаларга яқинлашмасликни тавсия қилади.

Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси маълумотларига кўра, илгари одамларда H10N3 билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, аввал одамлар парранда гриппининг А (H5N1), А (H7N9), А (H9N2) субтипидаги вирусларга ҳамда чўчқа гриппининг А (H1N1), А (H1N2), (H3N2) субтипидаги вирусларга чалинган.

Хитойда парранда гриппининг бир нечта турлари мавжуд. 2003 йилдан бери Осиёдан Европа ва Африкага тарқалиб келадиган А (H5N1) вируси айрим мамлакатларда паррандалар популяциясига сингиб кетган. Касаллик миллионлаб паррандаларга юққан, юзлаб одамлар ҳам унга чалинган, кўп беморлар вафот этган.

Яна бир парранда гриппи А (H5) субтипидаги вирус ҳам уй паррандалари ва одамлар орасида тарқалган. 2013 йилда Хитойда одамларнинг А (H7N9) вирусига чалингани ҳақида хабарлар мавжуд.

Февраль ойида Россияда одамга янги турдаги H5N8 парранда гриппи юқиши билан боғлиқ биринчи ҳолат тасдиқланган эди. Вирус Россия жанубидаги парранда фабрикасининг етти нафар ходимида қайд этилган, у ерда 2020 йил декабрида бир бош паррандалар орасида парранда гриппи авж олган эди.

loading...