“Кумуш тола” хирмони юксалмоқда

0

Самарқанд вилояти пиллакорлари пилла териш ва хомашёни қабул пунктларига топшириш мавсумини жадал давом эттирмоқдалар. Бугун қайси бир қабул пунктида бўлманг, у ерда пиллачи, хомашёни қабул қилувчи ва қайта ишловчининг суҳбати устидан чиқасиз. Оқдарёда ҳам шундай бўлди.

— Пилла қабул қилишни бошлаганимизга 3 кун бўлди, – деди туман “Агропилла” МЧЖ раиси Нажмиддин Тоғаев. -4910 қути ипак қурти тарқатгандик. Уруғнинг асосий қисмини Хитойдан ва яна камроғини Навоийдан олиб келдик. Мавсум давомида 275 тонна юқори сифатли пилла тайёрлашни режалаштирганмиз. Пиллачиларимизнинг ғайрат-шижоати узоғи билан 10-15 кунда сўзимизнинг устидан чиқишимизни кўрсатмоқда. Ҳозиргача бир неча касаначилар мавсумни ниҳоясига етказиб қўйишди.

— Топширилаётган пиллани ҳадемай қайта ишлашга киришамиз, – дейди “Оқдарё ипаги” МЧЖ раиси Ғулом Одилов. –Корхонамизда иш йил мобайнида давом этади. Ўтган йили 1,5 миллион доллар атрофидаги  пилла экспорт қилинди. Бу йил ҳам ҳамкорларимиз Хитой ва Тожикистон Республикалари тадбиркорлари билан экспорт шартномасини имзолаганмиз.

Айни пайтда Оқдарёда қабул пунктларига пилла топшириш қизғин давом эттирилиб, “кумуш тола” хирмони кун сайин юксалмоқда.

Алимардон ХУДОЙҚУЛОВ

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here