Чорвачилик ривожи йўлида…

0

Вилоятимизда 2021 йилда 575 миллиард 11 миллион сўмлик маблағ ҳисобига қорамолчилик, қўйчилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик соҳаларида 128 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган.

Жумладан, пахта-тўқимачилик йўналишидаги кластерлар томонидан қиймати 65 миллиард сўмлик 3 та лойиҳага асосан 2500 қорамолли чорвачилик комплекслари ташкил этилади. Бундан ташқари қорамолчиликнинг ўзида яна 55 та лойиҳа учун 260 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади. Чорвачиликнинг бошқа соҳаларида ҳам худди шундай лойиҳалар ишга туширилиши белгиланган.  Қўйчиликдан ташқари паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичиликка эътибор ошаётгани қувончли.

Маълумки, чорвачиликда бундай жабҳаларнинг ривожланиши халқимиз дастурхонининг парҳез маҳсулотлари билан сероб этилишига йўл очади. Бу билан озиқ-овқат маҳсулотларининг турли-туманлиги, сифатлилиги ва арзонлашуви ҳам таъминланади. Негаки, доимий   истеъмолда бўлган қорамол ва қўй гўшти билан бир қаторда қуён ёки товуқ гўштининг ҳам бўлиши, балиқнинг сероблиги, минг дардга даъво бўлган асал мўллигига эришиш ўз-ўзидан рақобатнинг кучайиши, истеъмолчилар танлаш имкониятининг ошишига ҳам хизмат қилади.

Вилоятда фермер хўжаликлари ва аҳолига наслли чорва молларини етказиб беришни кўпайтириш вилоятдаги чорва наслчилик хўжаликлари сонини кўпайтириш лозимлигини тақоза этади. Шу мақсадда жорий йил охиригача бундай хўжаликлар сонини 165 тага етказиш режалаштирилди. Ана шу хўжаликлар томонидан аҳоли хонадонларига 3,5 минг бош наслли қорамол етказиб берилади. Шунингдек, хориждан келтириладиган Абердин-ангус, Шароле, Герефорд, Лимузин каби гўшт йўналишидаги қорамолларнинг тез  етилувчан зотларини кўпайтириш чоралари ҳам кўрилаяпти.

Маҳаллалар кесимида соҳани янада ривожлантирш учун хонадонбай ишлаш тизими йўлга қўйилаяпти. Жорий йилда 1 минг 100 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 705 минг 350 та хонадонга 460 нафар мутахассис бириктирилиб, уларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Мутахассисларимиз жойларда чорва моллари зотдорлигини яхшилаш мақсадида сигирларни сунъий уруғлантириш ишларини ташкил этаяпти.  Улар чорва молларида учрайдиган юқумли касалликларга қариши эмлаш ва профилактика ишларини олиб боришмоқда. Шу билан биргаликда чорва молларини боқиш мадиниятини тарғибот қилиш ва тавсиялар бериш кўлами оширилаяпти. Томорқа ерларида озуқа экинларини жойлаштириш ва уруғ билан таъминлашда фуқароларга кўмак берилаяпти. Хонадонларда парранда, қуён, асалари боқиш афзаликлари ҳақида ҳам мутахассислар томонидан кенг тушунчалар берилаяпти. Чорвачилик биноларини зооветеринария талабларига асосан паразитлар ва зарарли ҳашоратлардан ҳимоялаш борасидаги ишларимиз ҳам кўнгилдагидек.

Хуллас, чорвачилик ва ветеринария соҳаларида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Улар албатта бу соҳа ривожида ўз таъсирини кўрсатади.

 Элмурод ТОШМУРОДОВ,

Самарқанд вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here