АОКА номидан ноқонуний фойдаланган яна бир ҳолат аниқланди

0

Бир қанча вақт муқаддам Бухоро ва Андижон вилоятларида сохта гувоҳнома билан ўзларини Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ходими сифатида таништириб, таъмагирлик қилган шахслар аниқлангани ҳақида маълум қилинган эди.

2021 йилнинг 4 июнь куни Агентлик номидан ноқонуний фойдаланганлик билан боғлиқ яна бир ҳолат аниқланди.

Маълум бўлишича, Бухоро вилояти Олот тумани ҳокимлиги матбуот котибига 2 нафар фуқаро (И.Ҳ. ва С.М.) ўзларини Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги кошидаги «Халқ иродаси» газетаси мухбири деган гувоҳномани (давлат байроғи фонида «Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги минтақавий ижтимоий-сиёсий нашр «Халқ иродаси» газетаси мухбири» ёзувлари киритилган 09-сонли хизмат гувоҳномаси) кўрсатиб, тумандаги турли соҳаларда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларни ёритишни рўкач қилиб, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ва фермерлар билан учрашув белгилаб беришни сўраган. Шунингдек, улар ўзларининг бу хизмати пуллик (бир саҳифаси 1 200 000 сўм, ярим саҳифаси 600 000 сўм) эканини айтишган.

Гувоҳномадаги муҳрда «Халқ демократик партияси Наманган вилояти кенгаши» деган ёзувлар борлиги туман ҳокимлиги матбуот котибида шубҳа уйғотиб, у ушбу ҳолат бўйича туман ИИБга мурожаат қилган. Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув давомида уларнинг ёнидан сохта ёзув киритилган, давлат рамзлари (герб ва байроқ)дан фойдаланилган хизмат гувоҳномаси холислар иштирокида белгиланган тартибда ҳужжатлаштириб олинган. Айни пайтда ушбу шахсларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш мақсадида Олот тумани ИИБ томонидан дастлабки терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аниқланишича, «Халқ иродаси» газетаси муқаддам Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилояти кенгаши муассислигида очилган бўлиб, 2020 йил октябрь ойида тугатилган ва 2020 йил 27 октябрь куни «Халқ иродаси» МЧЖ муассислигидаги «Халқ иродаси» журнали сифатида қайта рўйхатдан ўтган. Шундай бўлса-да, И.Ҳ. тугатилган газетанинг муҳри ва АОКАнинг номи киритилган хизмат гувоҳномасидан қонунга зид равишда фойдаланиб келган.

Шунингдек, “Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги” деган сохта ёзув акс этган қалбаки гувоҳномадан ғаразли мақсадларда фойдаланиб, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллари, тадбиркорлик субъектлари, ташкилот ва муассасалар раҳбарларидан асоссиз равишда маълумотлар йиғиб, таъмагирлик қилиб келган.

Хулоса ўрнида эслатиб ўтамиз, хизмат гувоҳномаларини тайёрлашда давлат рамзлари фонида фойдаланиш мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган сохта (нотўғри) маълумотлар киритиш, унинг қалбаки эканини била туриб, ундан фойдаланиш амалдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 203 прим-1 моддаси (давлат рамзлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) талабларига зид ҳисобланади.

darakchi.uz

loading...