Бугун Қозоғистонда вақтинча бўлиш муддати тугайди

0

Қозоғистон ваколатли органларига кўра, 2021 йил 5 июнь куни республика ҳудудида чет элликларнинг вақтинчалик қолиш муддати тугайди. COVID-19 пандемияси муносабати билан хорижликларни мамлакатдан чиқиб кетишига имконият бўлмагани боис вақтинча бўлиб туриш муддатлари бир неча марта узайтирилган эди. Шу муносабат билан чет элликлар ва уларни таклиф қилган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортилишининг олдини олиш мақсадида белгиланган муддатгача Қозоғистон Республикаси ҳудудида қолишни қонунийлаштириш сўралади.

Қозоғистон ҳукумати хабарида айни пайтда давлат чегарасидаги ер ва ҳаво қатновлари одатий тарзда фаолият юритаётгани қайд этилган. Россия, Беларусь, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Корея Республикаси, Украина, Туркия, Миср, Германия, БАА, Нидерландия, Грузия, Черногория ва Шри-Ланка каби 15 давлат билан мунтазам қатновлар йўлга қўйилди.

Таъкидланишича, Қозоғистон чегара хизмати чет эллик фуқароларнинг мамлакатдан тўсиқсиз қайтиши учун барча чора-тадбирларни амалга оширади.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг Олматадаги Бош консулхонаси Ўзбекистон фуқароларидан Қозоғистон Республикаси ҳудудида вақтинча бўлиб туриш муддати тугаган бўлса, ўзларининг яшаш жойидаги ички ишлар органларида мамлакатда қолиш ҳолатини қонунийлаштириш ёки 2021 йил 5 июндан олдин мамлакат ҳудудини тарк этишини тавсия қилади.

loading...