Умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини аниқлаш тартиби белгиланди

0

Ҳукумат қарори (345-сон, 03.06.2021 й.) билан Умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

– Низомга кўра, ҳар йили 20 январга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда Таълим инспекцияси ҳамда тизимида умумий ўрта таълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари ходимларидан иборат тегишли ҳудуддаги умумий ўрта таълим муассасаларида ижтимоий сўровномалар ва назорат ишларини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилади.

 

-Ишлаб чиқилган рейтингни аниқлашга оид маълумотлар базасини шакллантириш бўйича жадваллар ҳар йили 1 февралга қадар Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси расмий веб-сайтидаги платформага (monitoring.tdi.uz) жойлаштирилади.

Шу билан бирга, жадваллар уларга тегишли маълумотлар киритилиб, умумий ўрта таълим муассасаларининг директорлари томонидан тасдиқланган ҳолда 25 апрелга қадар ҳудудий бўлинмаларга тақдим этилади.

Ҳудудий бўлинмалар томонидан жадваллар асослантирувчи ҳужжатлари билан биргаликда ҳар йили 1 майга қадар махсус платформага жойлаштирилади.

Шунингдек, назорат ишлари умумий ўрта таълим муассасаси ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича билим даражасини аниқлаш мақсадида ёзма иш ва тест синови шаклида ўтказилади.

 

 Рейтинг қуйидаги ҳисоблаш тамойиллари асосида аниқланади:

– рейтингда иштирок этаётган барча умумий ўрта таълим муассасаларининг баллари ҳар бир мезон бўйича алоҳида ҳисобланади;

 

– тегишли мезон бўйича энг юқори натижага эга бўлган умумий ўрта таълим муассасасига мазкур мезон учун белгиланган энг кўп балл берилади;

 

– қолган барча умумий ўрта таълим муассасаларининг баллари энг юқори баллга эга бўлган умумий ўрта таълим муассасасининг баллари йиғиндисига нисбатан ҳисоблаб чиқарилади;

 

– ҳар бир мезон бўйича ҳисобланган баллар йиғиндиси асосида умумий ўрта таълим муассасасининг рейтинги белгиланади.

 

– Рейтинг натижалари ҳар йили янги ўқув йили бошланишидан кечикмай Инспекциянинг расмий веб-сайтида эълон қилинади ва ОАВда ёритилади.

loading...