15 июндан умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул бошланади

0

15 июндан республика умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул бошланади. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова маълум қилди.

Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари тажриба-синов тариқасида электрон шаклда амалга оширилади.

Жараён 2 босқичда бўлади. Биринчи босқичда ота-оналар 15 июндан 5 июлга қадар my.maktab.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтиб, фарзандлари 1-синфга чиқадиган мактабларни танлайди. Бунда ота-оналарга 3та мактабни танлаш имконияти берилади. Биринчи мактаб – ота-она доимий истиқомат қилаётган ҳудуддаги мактаб, яъни яшаш манзили бириктирилган микроҳудуддаги мактаб бўлади, иккинчи ва учинчи мактаблар – ота-оналар ихтиёрий танлови асосида фарзандларини қатнаши учун қулай бўлган  мактаблар.

Иккинчи босқичда 6 июлдан 31 июлга қадар ота-оналар электрон платформа орқали танлаган биринчи мактабга, яъни бириктирилган микроҳудуддаги мактабга ҳужжатларини топширади, ҳужжатларни топшириш тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади. Ота-оналарнинг доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга жойлашиши кафолатланади.

Агар ота-оналар микроҳудуддаги мактабни эмас, бошқа мактабларни танлаган бўлса, яъни электрон рўйхатдан ўтиш вақтида танлаган иккинчи ёки учинчи мактабларнинг бирида бўш ўринлар бўлган тақдирда, 1-15 август кунлари ҳужжатларини топшириши мумкин бўлади.

Қолган ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бошқа туман (шаҳар)лари) умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул анъанавий шаклда, яъни бевосита мактабда амалга оширилади. Қабул анъанавий шаклда амалга ошириладиган ҳудудларда ота-оналар 15 июндан 15 июлга қадар  доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга фарзандларини 1-синфга жойлаштириш учун ҳужжатларини топшириши мумкин.

Шунингдек, 16 июлдан 15 августга қадар ота-оналарга ихтиёрий танлов асосида бошқа мактабларга, яъни микроҳудудига кирмаса ҳам бўш ўринлар бўлса, фарзандларини 1-синфга қабул қилиш учун бошқа мактабга ҳужжатларини топшириш имконияти берилади.

“Таълим тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуннинг 9-моддасига асосан етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади (2014 йил 1 январидан 31 декабригача туғилган болалар). Қонун талаблари бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги, мулкчилик шаклидан қатъий назар, яъни нодавлат хусусий барча таълим муассасалари учун ҳам мажбурийдир. Умумтаълим мактабларига бириктириладиган микроҳудудлар маҳаллалар жойлашуви ва аҳоли демографик ўсишини инобатга олган ҳолда туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори асосида белгиланади. Ҳудудларда янги уй-жойлар қурилиши ёки маъмурий-ҳудудий чегаралар ўзгариши сабабли туман (шаҳар) ҳокимликлари қарори билан умумтаълим мактабларига бириктирилган микроҳудудлар қайта ўзгариши мумкин.

loading...