Самарқандда мих ёрдамида содир этилган вахшиёна қотиллик видеосини тарқатган йигит қамоққа олинди

0

Аввалроқ, 6 июнь куни ижтимоий тармоқларда Ургут туманида кўлидаги мих орқали бир кишини ўлдираётган фуқаро тасвири акс этган видеолавҳа тарқалгани ҳақида хабар берган эдик.

Шов-шувларга сабаб бўлган ушбу видео юзасидан ИИБ ходимлари текширув ишларини олиб боришди. Ваҳшийлик акс этган ушбу видеолавҳани ургутлик Ш.С. тарқатгани маълум бўлди.

Бу ҳам етмагандек, фуқаро Ш.С. билан бу каби зўравонлик ва шафқатсизлик акс этган лавҳаларни тарқатмаслик юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш учун борган ИИБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатган.

Фуқаро Ш.С. га тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди. Жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди томонидан Ш.С. га нисбатан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси барча ОАВ ходимлари, блогерлар ва фуқароларнинг ахборотни олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатиш ҳуқуқлари мавжудлигини эслатиб ўтади. Фақатгина бундай ҳаракатлар қонун доирасида амалга оширилиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 189-1 ва Жиноят кодексида 130-1-моддалар мавжуд бўлиб, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланган.

loading...