Танишини мих билан ўлдирган йигит видеосини тарқатган шахс 7 суткага қамалди

0

Самарқанд вилояти Ургут туманида йигит 50 ёшли танишини мих билан ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу воқеа акс этган видеони интернетда тарқатган йигит ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинди, дея хабар бермоқда Самарқанд ИИБ.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 6 июнь куни ижтимоий тармоқларда Ургут туманида қўлидаги мих орқали бир кишини ўлдираётган фуқаро тасвири акс этган видеолавҳа тарқалди ва омма орасида турлича муҳокамаларга сабаб бўлди.

Шов-шувларга сабаб бўлган ушбу видео юзасидан ИИБ ходимлари текширув ишларини олиб борди. Видеолавҳани ургутлик Ш.С. тарқатгани маълум бўлди.

Фуқаро Ш.С. билан бу каби зўравонлик ва шафқатсизлик акс этган лавҳаларни тарқатмаслик юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш учун борган ИИБ ходимлари фаол қаршиликка учраган.

Фуқаро Ш.С.га тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди. Жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди томонидан Ш.С. га нисбатан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

 

Бундан аввал Фарғонада танишини 21 марта пичоқ уриб ўлдирган эркак 19 йилга озодликдан маҳрум этилгани, Сирдарёда эркак уй-жой талашиб, холаси ва унинг фарзандини ўлдириб, ёқиб юборгани ҳамда Тошкентда 5 ёшли ўғлини уриб ўлдирган спорт мураббийига суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берилганди.

loading...