Чирчиқ дарёсига чўмилиш учун борган уч нафар вояга етмаган бола сув сатҳи кескин кўтарилиб, оролчада қолиб кетди

0

Кеча, 8 июн куни соат 21:00да Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг навбатчилик қисмига Сергели тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси ўртасида учта вояга етмаган болалар қолиб кетганлиги тўғрисида хабар келиб тушган. Бу ҳақда ФВВ Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Чирчиқ дарёсида уч нафар бола чўмилиш мақсадида дарё ўртасидаги оролчага сузиб боришган. Aммо сув сатҳининг кескин кўтарилганлиги ва оқим тезлашганлиги туфайли орқага қайтишни имкони бўлмай қолган.

Мазкур ҳолат бўйича, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув отряди сувда қидирув-қутқарув гуруҳи қутқарувчилари зудлик билан белгиланган ҳудудга етиб боришди. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида, оролчада қолиб кетган уч нафар болалар махсус кичик ҳажмли кемада қирғоққа олиб ўтилиб, ота-оналарига топширилди.

«Юқоридагилардан келиб чиқиб, фуқароларимиздан сув ҳавзаларида чўмилаётганда хавфсизлик қоидаларига риоя этишингизни ҳамда фақат рухсат берилган сув ҳавзаларида чўмилишингизни сўраймиз», – дейилади ФВВ хабарида. 

loading...