Минимал пенсия ва нафақаси оширилганлар сони маълум қилинди

0

Энг кам пенсия ва нафақа олувчи 1 миллион 951 минг нафар фуқарога қўшимча 20 фоиз миқдорида маблағ тўлаб берилади.

 

1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда минимал пенсия ва нафақалар миқдори 20 фоизга ошириладиган бўлди.

Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Фарруx Пардаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, бунда турли бандлар контингентидаги фуқаролар қамраб олинган.

«Ўзбекистон Президентининг «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори оширилмоқда.

Ҳужжатда келтирилган бандлар ҳар бирининг ўз контингенти бор. Мисол учун, иш стажи тўлиқ бўлмаган пенсия олувчилар 900 минг нафарни ташкил этади. Улар ҳозирда олаётган 256 минг 675 сўм эндиликда 400 минг сўмга оширилади. Шунингдек, 85 минг нафар зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 минг сўмдан 400 минг сўмга етказилди. Мазкур ўзгаришлар умумий олганда 1 миллион 951 минг контингентга таъсир қилади», деди жамғарма вакили.

Қайд этилишича, боқувчисини йўқотганларнинг пенсия миқдори:

  • 1 фарзанд учун 306, 675 минг сўмдан 452 минг 494 сўмга;
  • 2 фарзанд учун 613 минг 761 минг 663 сўмга;
  • 3 фарзанд учун 920 минг 25 сўмдан 1 миллион 70 минг 832 сўмга ошди.

Боқувчисини йўқотганларнинг нафақа миқдори эса:

  • 1 фарзанд учун 306 минг 675 сўмдан 400 минг сўмга;
  • 2 фарзанд учун 485 минг сўмдан 550 минг сўмга;
  • 3 фарзанд учун 663 минг 350 сўмдан 700 минг сўмга оширилди.

Жамғарма маълумотларига кўра, 1 апрел ҳолатига Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 миллион 877 минг 200 нафарни (жами аҳолининг 11,2 фоизи) ташкил қилмоқда.

Бунда аҳолининг:

  • 2 миллион 881 минг 900 нафари (74,3 фоиз) ёшга доир пенсия;
  • 390,1 минг нафари (10,1 фоиз) ногиронлик пенсияси;
  • 192,8 минг нафари (5 фоиз) боқувчисини йўқотган пенсия олувчи оилалар;
  • 412,4 минг нафари (10,6 фоиз) нафақа олади.

Ҳисоб-китобларга кўра, жамғарма 2021 йилда пенсия ва нафақалар тўлови учун 36,5 триллион сўм маблағ харажат қилади. Айтилишича, ойига 2,9 триллион сўмдан сарфланади. Аммо юқорида келтирилган қўшимча тўловлар учун қанча маблағ йўналтирилиши ҳали номаълум.

Қонунда белгиланишича, жамғармага давлат бюджетидан ажратиладиган трансфертлар миқдори 2021 йил якуни билан 14,7 триллион сўмни ташкил этади.

Аввалроқ, Ўзбекистон аҳолисининг минимал истеъмол харажатлари миқдори киши бошига бир ойда 440 минг сўм этиб белгилангани хабар қилинганди. Пенсия жамғармасига кўра, мазкур қиймат жорий қилингач энг кам пенсия миқдорлари ҳам минимал истеъмол харажатлари қийматига етказилади.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here