Қашқадарёда қишлоқ аҳолиси тезюрар поезд йўлини тўсиб қўйгани бўйича қўшимча маълумот берилди

0

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 7 июнь куни қишлоқ аҳолиси тезюрар поезд йўлини тўсиб қўйгани ҳақида хабар берилганди. Туман ҳоимлиги ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Темир йўл тўсиб қўйилишига асосий сабаб қилиб Айратом қишлоғида яшовчилар қишлоқда электр энергияси таъминоти қониқарсиз бўлгани учун туман ҳокими Хуррам Жўраевдан қишлоққа келадиган электр энергиясини бошқа кучлироқ трансформаторга улашни сўрагани айтилганди.

Маълум бўлишича, аҳоли вакилларининг поезд йўли атрофида йиғилаётгани ҳақида Чироқчи тумани ҳокимига унинг биринчи ўринбосари Абдураззоқ Кенгбоев телефон орқали хабар қилган. Бу вақтда туман ҳокими «Обод қишлоқ» дастури доирасида Оқ олтин маҳалласида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида маҳаллага бораётган бўлган. Хабарни эшитгач, туман ҳокими тезда Эски анҳор маҳалласига бориб, аҳоли вакиллари билан учрашган.

Ҳоким воқеа жойига бориб, аҳолини поезд йўли ёқасидан четга ўтишлари, уларнинг мурожаатларига ечим топишга келганини айтган ва улар билан маҳалла гузарига бориб суҳбатлашган. Ҳоким ҳолатни шахсан назоратга олишини маълум қилган.

Аҳоли томонидан кўтарилган муммога ечим сифатида қўшни Шўрбозор маҳалласидан 110 киловатт кучланишли янги ҳаво линияси тортилиши, бундан ташқари, Истиқлол подстанциясига қўшимча 4000 киловаттли трансформатор қўйилиши белгиланган.

Шу куннинг ўзида «Қашқадарё вилоят Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бош директори ҳам маҳаллий аҳоли билан учрашиб, электр энергияси тақчиллигининг олдини олиш масаласида амалга оширилаётган ишлар бўйича батафсил маълумот берган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида электр таъминотида узилиш юзага келаётгани хабар қилинган. Шунингдек, Ўзбекистонда 1800 мегаватт қувватли иссиқлик ва қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилиши хабар берилган.

bugun.uz

loading...