Бир гуруҳ аёллар Ўзбекистон ҳукумати биноси олдида норозилик намойиши уюштирди. Сабаб нима эди?

0

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида уч нафар аёл — Д.С., А.А., ва Г.А. 7 июнь куни намойишга чиқиб, оммавий ахборот воситаларига ёнғин юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида улар жабрланувчи деб эътироф этилмагани, иш тафсилоти жамоатчиликдан яшириб келинаётганини эълон қилди.

Самарқанд вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, 24 май куни тунда Паст Дарғом туманидаги «Пастдарғом мева-сабзавот» МЧЖ автотураргоҳи ҳудудида жойлашган фуқаро Ш.У.га тегишли бўлган енгил конструкцияли савдо дўконлар ва унга яқин масофада жойлашган полиз экинлари сотишга мўлжалланган павильонларда ёнғин юз берган.

Воқеа жойи кўздан кечирилганида 120 квадрат метр майдондаги жами 8 та савдо дўкони, 90 квадрат метр майдондаги 5 дона енгил конструкцияли павильонлар ва ичидаги маҳсулотлар тўлиқ ёниб кетгани аниқланган.

Шу куни Паст Дарғом туман прокуратураси томонидан ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 173-моддаси 1-қисми (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари туман ИИБ ҳузуридаги ТБда тузилган терговчилар гуруҳи томонидан олиб борилмоқда.

Ёнғин сабабини аниқлаш мақсадида судга оид ёнғин техника экспертизаси тайинланган.

Тергов жараёнида фуқаролар Д.С., А.А., ва Г.А. ва бошқалар ҳолат юзасидан батафсил сўроқ қилиниб, 6 нафар фуқаро жиноят иши юзасидан жабрланувчи сифатида эътироф этилган.

«Жабрланувчилар томонидан кўрсатилган барча важлар тергов давомида ҳар томонлама ўрганиб чиқилиши таъминланади. Мазкур жиноят иши тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган», — дейилади вилоят прокуратураси хабарида.

Тошкентда сўнгги марта март ойининг охирларида бир жинсли муносабатларнинг қонунийлаштирилишига қарши бўлган фаоллар пойтахт марказида норозилик билдирганди. Бундан ташқари, 2019 йилнинг августида бир гуруҳ шахслар билан Бош прокуратуранинг маъмурий биноси олдида бош прокурор томонидан фуқароларнинг қабули ўтказилмаганлиги ҳақида норасмий норозилик намойиши ўтказилганди.

loading...