Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди ва бошқа тузилмалари суд томонидан «экстремистик ташкилотлар» деб тан олинди

0

Москва шаҳар суди Алексей Навальнийнинг ҳудудий штаблари, Коррупцияга қарши кураш фонди (ККФ) ва Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фондини экстремистик ташкилотлар деб тан олиш тўғрисида Москва прокуратураси киритган даъвони қондирди. Бу ҳақда Москва шаҳар суди матбуот хизматига таяниб, Meduza хабар берди.

 

Мазкур ташкилотларга ҳар қандай маълумотни тарқатиш, молиявий операцияларни амалга ошириш, шунингдек сайловларда қатнашиш ва акциялар ташкил этиш тақиқланди.

 

Шунингдек, суд ККФ ва Навальнийнинг штаблари фаолиятини тақиқлаш тўғрисидаги қарор зудлик билан ижро этилиши кераклигини белгилаб қўйди.

 

Буюк Британия ва АҚШ ККФнинг экстремистик ташкилот сифатида тан олинишини қоралади.

 

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб ушбу қарорини «ҳақиқий сиёсий мухолифатни тақиқлашга уриниш» деб атади.

 

АҚШ Давлат департаменти эса сиёсатчи Алексей Навальнийга қарши репрессияларни тўхтатишга чақирди.

 

Давлат департаменти вакили Нед Прайснинг сўзларига кўра, ушбу қарор мухолифат номзодларининг сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Давлат Думасига сайловларда қатнашиш имкониятини чеклайди ҳамда «мухолифат тарафдорларини Россия Конституцияси томонидан кафолатланган асосий инсон ҳуқуқларидан фойдалангани учун жиноий жавобгарликка ва қамоқ жазосига тортилиши хавфини туғдиради».

 

«Биз Россияни зўравон бўлмаган ташкилотларга «экстремизм» белгисини ёпиштиришни тўхтатишга, Навальний ва унинг тарафдорларига қарши репрессияларни тўхтатишга, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилиш ва таъминлаш бўйича халқаро мажбуриятларини бажаришга чақирамиз», — дея қўшимча қилди у.

 

Маълумот учун Алексей Навальний томонидан ташкил этилган Коррупцияга қарши кураш фонди 2019 йил октябрь ойида «хорижий агент» бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари рўйхатига киритилган.

 

2020 йил июль ойида Алексей Навальний ККФнинг ёпилиши ва янги юридик ташкилот — Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фонди ташкил этилишини маълум қилган. Ташкилот 2020 йил декабрида «хорижий агент» бўлган нодавлат ташкилотлари рўйхатига киритилган.

 

2021 йил апрелда Москва прокуратураси ККФ, Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фонди ва Навальнийнинг штабларини экстремистик ташкилотлар деб тан олиш тўғрисида Москва шаҳар судига даъво аризаси билан мурожаат қилди.

 

Суд қароридан олдин Москва прокуратураси Навальний штаблари фаолиятини тўхтатиб қўйди. «Росфинмониторинг» «Навальний штаблари» жамоат ҳаракатини экстремистлар рўйхатига киритди. Апрель ойи охирида штаб ёпилгани эълон қилинди.

 

Июнь ойи бошида Россия президенти Владимир Путин «ККФга қарши қонун» деб номланган ҳужжатни имзолади. Бу экстремистик ёки террористик ташкилот фаолиятида иштирок этаётган шахсларнинг сайловларда иштирок этишини тақиқлайди.

loading...