Соқол, ундоқ, рўмол бундоқ!..

0

Рўмол ёки соқол ҳақида гап очилса, жуда ҳафсала билан, ўзгача шиддат ва шижоат билан муҳокама қилишга тушамиз! Ақлли, доно, чересчур донишманд, маданиятли, илмли, тақводорлар билан фаҳмсиз, ғалча, беақл, даҳрий, ўрисқул ва ҳоказолар аралаш-қуралаш бўлиб кетади. Уят, уят! Бутун дунё ривожланиб, ҳаёти фаровон бўлаётган бир пайтда биз «соқол ундоқ, рўмол мундоқ» дея ҳар инсоннинг мутлақо шахсий иши бўлган нарсаларга ўралашиб юрибмиз. Қанчалаб хотунлар рўмолли қизларимизни аллақандай кек ва ғазаб ила камситмоқчи бўлишади, кап-катта эркаклар: «рўмол орқадан фалон тарзда ўралади», дея хотинчалиш гапларни ёзишади. Нима ишларинг бор, бировларнинг шахсий ҳаётига аралашиб?! Калта юбка, тирсиллаган шим кийиб юрганлар билан ҳеч кимнинг иши йўқ! Минг карра уят! Илм, тараққиёт, тарих, орият, миллий ўзлик ҳақида гап очиб кўринг – бирови нима деяпсан, демайди! Қизиқмайди, эътиборга илмайди! Тўғри, битта-яримтаси қўрқа-писа гапга қўшилади: «миллатчилик қилманг, бу – ёмон», «ўрис» деманг – кўнглига тегади, рус денг», «русча гапиришнинг нимаси ёмон» қабилидаги «ўта ақлли» фикрларни айтишади. Бошқа миллат вакиллари бизнинг улуғларимиз, тилимиз, тарихимиз ва қадриятларимизни очиқча таҳқирлаб ёзишса – жиммиз, «бағрикенг»миз. Агар тарихий шахсларимизни ўзимиз улуғласак, дарҳол яна ўз миллатдошларимиз: «у қонхўр бўлган!», «хотинбоз бўлган», «босқинчи бўлган» қабилидаги хожалари ўргатган гапларни тўтиқушдек такрорлашга бошлайдилар. Бизга қандай бедаво вирус теккан, ўзи?

Бахтиёр Ҳайдаров

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here