Ўзбек аёли Хитойга қарши кўрсатма берди: «Соқчилар азобланишидан ҳузурланарди»

0

Миллати ўзбек ўқитувчи Лондондаги Уйғурлар Трибуналида Хитой ҳукуматининг уйғурларга қилаётган зулми ҳақида кўрсатма берди.

Трибунал Хитойнинг уйғурларга қарши геноцид қилган-қилмаганига ойдинлик киритади.

Уйғурлар масаласида бунга ўхшаш халқаро маҳкама тингловининг бўлиб ўтгани шу пайтгача кўрилмаган.

Қалбинур Сиддиқ Урумчида коммунист партия раҳбарлари томонидан уйғур аёл ва эркаклар сақланган икки лагерда хитой тилидан дарс беришга жалб қилинган.

У бу лагерларни «бадбўй» ва «гавжум», дея таърифлаган.

Қалбинур Сиддиқнинг маҳкамада таъкидлашича, таълим олаётганлар бир неча соатлик дарсларда кишан таққан ҳолда ўтиришга мажбурланган.

«Лагердаги хитой соқчилар тутқунларни одам қаторида кўрмайди. Соқчилар ҳаттоки темир эшиклардан кириш-чиқишда уларнинг қўлларига итга ўхшаб темир занжир солишади. Тутқунларнинг итга ўхшаб ўтириши, азобланишини кўриб ҳузурланишарди», дейди у.

Шунингдек, Қалбинур Сиддиқ уйғур аёлларининг бичилиши одатий ҳолга айлангани, бир ҳолатда аёл маҳбус бичиш амалиёти вақтида вафот этганини ҳам айтди.

Сиддиқ хоним Нидерландиядаги қизини кўриб келиш учун виза олишдан олдин ўзи ҳам мажбуран бичилганини билдирди.

«Мен ўз кўзим билан кўрган бу фожиаларни, зулмларни, бу азобларни ўз танамда ҳис қилган бу даҳшатларни бир кун ҳам унутганим йўқ. Чунки мен аёл кишиман ва бир қизим бор. Ҳеч ким бундай хўрлик кўрмасин», дейди у.

Маҳкама тинглови

Лондондаги Уйғурлар Трибунали

Лондондаги Уйғурлар Трибунали

Ўтган ҳафта сўнггида Лондонда қатор маҳкама тингловлари бошланган. Бир неча кунлик тинглов жараёнида 30 га яқин гувоҳнинг шоҳидлиги тингланиши маълум қилинган.

Маҳкама асосида Хитой ҳукумати Шинжонда содир этаётгани айтилувчи ҳуқуқбузарлик ҳолларини «геноцид»га тенгми ёки йўқлиги борасида бир қарорга келиниши айтилган.

Инсон ҳақларини сақлаш гуруҳлари Хитой Шинжондаги лагерларида бир миллионга яқин уйғур ва бошқа мусулмон этник озчиликларни тутиб турганига ишонишади.

Шу вақтгача Лондондаги маҳкамада тингланган гувоҳлар кўрсатмаси Шинжондаги лагерлардан келаётган хабарларга мос келади ва АҚШ ҳукумати томонидан уйғурларга нисбатан геноцид бўляпти, деган даъвони тасдиқлайди.

Аммо Хитой Ташқи ишлар вазирлиги воизи Лондон маҳкамаси бошланиши арафасида тингловларни ноқонуний, деди.

«Бу уйғур махсус маҳкамаси, дея ном олган нарса қонуний ҳам эмас, ишончли ҳам эмас. У шунчаки бир неча шахс тарафидан Хитойга қарши уюштирилган томоша», дейди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ванг Венбин.

Ғарб давлатларининг ҳукумати ва парламентлари Хитой уйғурларга нисбатан геноцид қиляпти ва мажбурий меҳнатга жалб қиляпти, деб топганидан сўнг Хитой пахтаси ва бошқа маҳсулотларига байкот эълон қилинди.

Хитой ҳукумати ушбу айбловларни асоссиз эканлигини таъкидлайди ва махсус уюштирилган сафарлар ҳамда репортажларда уйғурларнинг лагерларда бахтли ҳаёт кечираётганини кўрсатишга ҳаракат қилади.

Хитой ҳукумати лагерлар Шинжон аҳолисининг таълимини яхшилаш, экстермизмнинг олдини олиш ва даромадни кўпайтириш учун қурилганини айтади.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here