ЗЎРАВОН ЙИГИТЛАРНИНГ ТУНГИ «САРГУЗАШТИ»

0

2020 йил 23 сентябрь. Соат тахминан 20: 00ларда уч ўртоқ — Сарваржон Азимжонович Муродқулов, Иномжон Турдибекович Қўзибоев ҳамда Аброржон Комилжонович Шодиқулов (мақоладаги исм-фамилиялар шартли равишда ўзгартирилган) пойтахтнинг Учтепа туманида жойлашган қаҳвахоналардан бирида кайфу сафо қилиб ўтиришибди. Стол устида турли-туман егуликлар-у ичкиликлар бисёр. Уч ўртоқнинг бири олиб, бири қўйганича қилган ишларини айтиб мақтанмоқда. Гўё қаҳвахонада улардан бошқа мижозлар йўқдек овозларини бироз пасайтиришни ҳам ўйлаб кўришмайди. Сал нарироқда турган хизматчи қиз бўлса, борган сари кайфи ошиб, оғзидан боди кириб, шоди чиқаётган уч йигитдан кўзини олмайди. Чунки бунақалар кўзингни шамғалат қилиб, еган-ичганининг пулини насия қилиб, қуённинг расмини ҳам чизиб кетишлари мумкин.

Бир маҳал ароқ ҳамда пивони аралаштириб ичганидан юзи қизариб, боши аллақачон айлана бошлаган Сарваржон кўзларини аланг-жаланг қилиб, атрофга аланглади.

— Ҳа, ўртоқ, кимнидир йўқотиб қўйдингми, бирдан безовталаниб қолдинг? — деб сўради унинг бу хатти-ҳаракатини ўзича тушунган Иномжон ўтирган жойидан бир қўзғалиб олиб, кўз ости билан Сарваржонга тикиларкан.

— Э-э, бизга хизмат қилаётган қиз бор эди-ку, ўшани тополмаяпман, — дея улфатининг саволига жавоб қайтарди Сарваржон тағин бутун зал бўйлаб кўз югуртираркан.

— Ўртоқ, сенга нима бўлди, бизга қараётган қиз боядан бери ёнимиздан кетмасдан сал нарида турибди-ку?! Ана, қизил фартук тақиб олган, — дея тиржайди Иномжон хизматчи қизни қўли билан кўрсатаркан.

— Ҳа, бўлди, кўрдим! — деди худди йўқотган нарсасини топгандек хурсанд бўлиб кетган Сарваржон ва ўрнидан туриб, баланд овозда хизматчи қизни ёнига чорлай бошлади. — Синглим, ҳой, синглим, бу ёққа бир қараворинг!

Официант қиз чаққон юриб Сарваржонинг олдига келди:

— Яхши ўтирибсизларми? Камчилик йўқми? Бирор нарса олиб келайми ёки ҳисоб-китоб қиласизми?

— Ҳисоб-китобни ҳали қўйиб туринг-да, аввал бизларга битта-биттадан муздек, кўпиклари оқиб турган пивонгиздан олиб келинг, майлими? Қолганини кейин яна кўраверамиз, — деди қизга қараб кўзлари мастона сузилиб қолган Сарваржон.

— Бўлди, нима десангиз шу, мен сизларга «кетинглар», деганим йўқ-ку! — дея қўлини кўксига қўйганича жилмайди хизматчи қиз ва мижознинг буюртмасини ёндафтарчасига ёзиб қўйди-да, ортига қайтди.

Орадан яна ярим соатча вақт ўтди. Бу орада Сарваржонинг икки шериги ҳам бир бокалдан пиво буюришди. Кейин навбат яна Сарваржонга келди. Қисқаси, соат 22дан ошгунча официант қиз уч улфатга муздек пиво ташишдан чарчаса чарчадики, йигитлар ичкилик ичишдан чарчашмади. Хизматчи қиз билан ҳисоб-китобни қилиб, кайфи таранг ҳолда бир-бирини қўлтиқлагудек бўлиб кўчага чиққан учовлон зўрға оёқларида туришар эди.

— Менда битта таклиф бор, — деб қолди Сарваржон улфатларига қараб қаҳвахонадан бироз узоқлашганларидан сўнг. — Ҳозир тўғри Чилонзор савдо марказига борамиз, нима дединглар?

— Сен нима десанг шу, ўртоқ, савдо марказига борамиз, десанг, савдо марказига борамиз, қабристонга бориб, гўрдан суяк олиб чиқамиз, десанг, гўрдан суяк олиб чиқамиз! — дея унинг сўзларини маъқуллади Иномжон ва ёнида жимгина кетаётган Аброржонни турткилаб қўйди.

Унинг бу турткилашини ўзича тушунган Аброржон ҳам таклифга эътироз билдирмади.

— Йўқ, мен бекорга у ёққа борамиз демадим, менинг биттасида тишим бор, ҳозир бориб, ўша болани топиб, разбор қилишим керак! Тушундингларми?! — дея шерикларига қараб овозини бир парда кўтарди Сарваржон.

Бу гапларни эшитиб ҳали ичган ичкилининг таъсири кетмаган Иномжон тағин шерланди:

— Бўлди, ошна, разбор қилиш керак бўлса разбор қиламиз, уриб-дўппослаш керак бўлса, уриб-дўппослаймиз, тишини синдириш керак бўлса, тишини синдирамиз!

Хуллас, уч ўртоқ то Чилонзор тумани Ц мавзесида жойлашган нонвойхонага етгунларича гапни бир ерга қўйиб, ўзаро келишиб олишди. Уларнинг нияти нонвойхонада ишлайдиган Шаҳбоз исмли йигитнинг танобини тортиб, уни «тарбиялаб» қўйиш эди. Шу мақсадда учовлон тўғри бориб, нонвойхона ётоқхонасининг эшигини тақиллатишди. Ичкаридан «Ким у? Нима керак?» деган уйқусираган овоз эшитилди.

— Эшикни оч! — дея буйруқ берди Сарваржон ва ёғоч эшикни кучининг борича ура бошлади.

Орадан кўп вақт ўтмасдан эшик очилиб, нонвойхонада ишлайдиган Зоиржоннинг боши кўринди.

— Келинглар, акалар, нима хизмат? — деб сўради бу тунги ташрифнинг сабабини билолмасдан ҳайронлиги ортган нонвой йигит.

— Бизга Шаҳбоз керак! Уни чақириб юбор! — дея Зоиржонга ўқрайиб қаради Сарваржон.

— Шаҳбоз касса қилгани кўчага чиқиб кетган эди. Ўзи нима гап, акалар, тинчликми? Агар унга бирон нима деб қўйиш керак бўлса, менга айтинглар, ўзим етказиб қўяман, — деди уйқули кўзларини ишқаларкан Зоиржон.

— Бизга Шаҳбознинг ўзи керак, гаплашиб олишимиз лозим, уни бизга топиб бер! — деди оёғида чайқалиб турган Иномжон ҳам гапга қўшилиб.

— Айтдим-ку, сизларга, Шаҳбоз кўчага чиқиб кетган, қаерда эканлигини билмайман, кассани қилса, ўзи қайтиб келади.

— Кўчага чиқиб кетган бўлса, қўлида телефони бордир! Телефон рақамини бер, ўзимиз уни топиб оламиз! — дея овозини ҳийла баландлатди Сарваржон.

— Хафа бўлманглар, акалар, мен сизларга унинг рақамини беролмайман, — деди Зоиржон. Унинг сўз оҳангидан жаҳли чиқа бошлагани сезилиб турарди. — Умуман, Шаҳбозда нима ишларинг бўлса, эртага келинглар, ҳозир пича кайфларингиз ҳам борга ўхшайди.

— Ие, сен бола, бизга ақл ўргатяпсанми?! — дея нонвой йигитга қараб хезланди шу пайт Иномжон. — Сен қачондан бери Тошкентнинг нонини еб, ўзингдан катталарга кариллайдигшан бўлиб қолдинг?!

Зоиржон бу саволларга жавоб беришга улгурмади. Иномжон кутилмаганда унинг юзига мушт тушириб қолди. Шериклари ҳам қараб туришмади. Юз-кўзи аралаш кетма-кет тушаётган зарбаларга базўр чап берган Зоиржон бир амаллаб ётоқхонага қочиб кирди. Аммо эшикни қулфлашга улгурмади. Зўравонлар ҳам унинг ортидан ётоқхонага киришди.

— «Бузоқнинг югургани сомонхонагача», деган мақолни эшитганмисан? — дея таҳдидли овозда сўзлади кўзларига қон тўлиб, нима қилаётганини билмаётган Сарваржон. — Мана, сенинг ҳам қочиб кирган жойинг шу ер бўлди! Энди мендан таъзирингни ейсан!

Зоиржон унинг бу сўзларига жавоб қайтармади. Чунки ушбу вазиятга маст йигитга бир оғиз гап ҳам ортиқчалик қилиши мумкин эди. Бироқ нонвойнинг индамай турганини қўрқоқликка йўйган Сарваржон музлаткич устида турган ошхона пичоғини кўриб қолди-ю, шартта тиғ томонга қўл узатди.

— Ўртоқ, пичоқни жойига қўй ёки менга бер, тиғ билан ҳазиллашиб бўлмайди! — деди унинг совуқ қуролни қўлига олиб, пичоқни Зоиржонга қараб ўқталаётганини кўрган Иномжон.

— Жиннилик қилма, ошна, пичоқсиз ҳам бу ярамаснинг таъзирини бериб қўйиш қўлимиздан келади! — дея унинг сўзларини маъқуллади Аброржон ва Сарваржонни елкасидан ушлаб олди.

Шу пайт кимдир пичоқни кўриб, дами ичига тушиб кетган Зоиржонни тепиб юборди. Нонвой иҳраганича ерга чўккалаб қолди. Сарваржон бўлса қўлидаги пичоқ билан З. Фозиловнинг ўнг оёғи сон қисмига бир маротаба зарба берди. Оғриқнинг зўридан Зоиржон додлай бошлади. Шундан сўнггина уч зўравон ётоқхонани тарк этишди. Жабрдийда йигит эса бўлиб ўтган воқеа бўйича ҳуқуқ-тартибот ходимларига хабар берди…

Суд-тиббий экспертизасининг тегишли хулосасига кўра, Зоиржон Фозиловда «Ўнг сон соҳасидаги яра ўткир санчувчи-кесувчи жисм таъсирида, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, чап кўз юқори ва пастки қовоқлари, кўкрак қафаси орқа юзаси қонталашлари, пастки лаб чап томон лат еган яраси» каби жароҳатлар қаттиқ ўтмас жисмлар таъсирида етказилганлиги ва оғирлик даражасига кўра, соғлиқнинг олти кундан кўп, аммо 21 кундан ортиқ бўлмаган муддатга бузилишига олиб келган «ЕНГИЛ» тан жароҳати туркумига кириши аниқланган.

Суд ҳукмига кўра, Сарваржон Азимжонович Муродқулов, Иномжон Турдибекович Қўзибоев ҳамда Аброржон Комилжонович Шодиқуловларга 2 (икки) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг уларнинг зиммасига:

— сутканинг муайян вақти, яъни кеч соат 22: 00 дан эрталабки соат 06: 00 га қадар яшаш жойидан чиқмаслик;

— назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойи, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартирмаслик;

— жиноятга мойиллиги бўлган шахслар билан алоқа ўрнатмаслик;

— гиёҳвандлик воситалари ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилмаслик каби тақиқлар (чеклашлар) юклатилди.

Биз мазкур жиноят иши тафсилотларини бекорга батафсил келтириб ўтмадик. Ниятимиз, ҳеч бир юртдошимиз юқоридаги учовлон каби тўғри йўлдан адашиб, ўзгаларнинг тинчини бузиб юрмасин. Зеро тинчлик-осойишталик, тотувлик бўлган жойдан қут-барака аримайди.

Хусан ПАРПИЕВ, жиноят ишлари бўйича
Яккасарой туман суди судьяси

Суннатулло АБДИМУРОД ўғли, журналист

 

 

loading...