“Бек-Барака” бозорида фирибгарлик ва таъмагирлик билан шуғулланган шахсларга жиноят иши қўзғатилди

0

Тошкент вилояти ИИББ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Зангиота туманидаги “Бек-барака” савдо мажмуасида ўтказилган тезкор тадбирда 6 нафар шахс қўлга олинди.

ИИББ Ахборот хизмати маълумотига кўра, жорий йилнинг 29 май куни Тошкент вилоят ИИББга фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, Зангиота тумани ҳудудидаги “Бек-барака” савдо мажмуаси ёйма кийим-кечак бозорида савдо қилишини, бозорда “Камронбек” ва “Нигина” исмли шахслар савдо қилувчилардан ноқонуний равишда пул талаб қилаётганини маълум қилади.

Аризага асосан ўтказилган тезкор суриштирув ишлари давомида ўзларини бозорда ишловчи масъул шахс сифатида таништирганлар мурожаат эгаларидан шу жойда ишлаши учун ҳар ойда 100 доллари миқдорида товон пули талаб қилаётгани, бу бажарилмаган тақдирда савдо растаси фаолиятини чеклаш билан таҳдид қилишлари, шу йўл билан улар савдо қилувчилардан жами 9 миллион сўм миқдорида пул олгани аниқланди.

Шундан сўнг, ИИББ тезкор ходимлари томонидан махсус тадбир ўтказилиб фирибгарлик ва таъмагирликда гумонланган 6 нафар шахс ушланган. Жумладан: Учтепа туманида яшовчи 1989 йилда туғилган Негина.И, Марғилон шаҳрида яшовчи 1995 йилда туғилган Камронбек.Ж ва 1993 йилда туғилган Фирдавс.Ж, Зангиота туманида яшовчи 1968 йилда туғилган Насиба.О, 1996 йилда туғилган Ноилахон.А ҳамда 1998 йилда туғилган Наимахон.А лар ушбу ҳолатга бевосита алоқадорлиги аниқланиб, тегишли тартибда ишга жалб қилинган.

Ўтказилган суҳбат давомида улар ҳақиқатдан ҳам аризада кўрсатилган фуқаролардан савдо қилишлари учун ноқонуний равишда пул талаб қилиб келганлиги ва бугунги кунда жами 9 миллион сўм миқдоридаги пулларни олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганини маълум қилиб, айбига иқрорлигини билдирган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан, ушланган шахсларга нисбатан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

loading...