Каттақўрғонда ДСИ ходими ЙПХ машинасида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. ИИВ бодикамералар олган видеони эълон қилди

0

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида ЙПХ инспекторлари Давлат солиқ инспекцияси ходимини ўлдириб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ички ишлар вазирлиги ҳолат бўйича расмий баёнот берди.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 10 июнида тунги соат 00:50 ларда Каттақўрғон тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари туманнинг «Кадан» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-243 автомобиль йўлининг Алишер Навоий ва Мустақиллик кўчалари кесишмасида жамоат тартибини сақлаш бўйича тунги хизмат вазифасини бажараётган вақтида, фуқаро А.А. бошқарувидаги Cobalt русумли автотранспорт светофорнинг қизил чироғидан тўхтамасдан ўтиб, ходимларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, юқори тезликда ҳаракатланиб яширинмоқчи бўлган.

Ҳудуддаги 4Р-243 автомобиль йўлининг 7-километрига етганида Cobalt йўл қатнов қисмининг ўртасида тўхтаб, ҳайдовчи автотранспортни ташлаб, пиёда қочишга уринган.

Ҳуқуқбузар ходимлар томонидан ушланиб, ўта маст ҳолатда бўлганлиги гумон қилиниб, тиббий кўрикдан ўтиш учун таклиф қилганида фуқаро А.А. ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан фаол қаршилик кўрсата бошлаган.

Шу вақт оралиғида тиббий кўрикка олиб бориш учун транспорт воситасига ўтқазилган фуқаро А.А.нинг соғлиғи ёмонлашиб, воқеа жойига тез тиббий ёрдам хизмати чақиртирилган. Кўрсатилган муолажаларга қарамай фуқаро А.А. вафот этган.

Ҳодиса содир бўлган жой Ички ишлар вазирлиги ЎХБ Самарқанд вилояти бўйича бўлими иштирокида туман прокуратураси томонидан кўздан кечирилиб, ҳужжатлаштирилган.

Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув якуни бўйича жамоатчиликка тўлиқ ахборот берилиши таъкидланган.

ИИВ баёнот билан бирга ҳолатни бодикамерада олинган видеосини ҳам эълон қилди.

Бош прокуратура эса ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

«Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди», – дейилади хабарда.

Тергов устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган.

ИИВ икки нафар ЙПХ ходимининг бодикамераси орқали ёзиб олинган видеони улаб (монтаж қилиб), эълон қилган. Видеода ходимлар туман ДСИ бошлиғини ушлаб, Spark машинасининг орқа ўриндиғига ўтқизишга уринаётганини кўриш мумкин. Икки ходим А.А.ни олд ва орқа томонидан машинага куч билан ўтқизишга ҳаракат қилган, А.А. эса уларга қаршилик қилган.

Видеонинг айнан шу жойида кичик узилиш бўлган ҳамда катта сержантнинг ўрнига кичик сержантнинг бодикамераси орқали ёзиб олинган видео қўйилишни бошлаган. Икки нафар ходим эса ҳушини йўқотган А.А.ни машинадан тушириб, ерга ётқизган. ЙПХ ходимлари тез ёрдам чақирган, улар ўзаро суҳбатда А.А. нафас олаётганини бир-бирига айтган. ИИВ А.А.ни олд томондан тортиб, машинага ўтқизишга уринган ЙПХ ходимининг бодикамерасидаги ёзувларни эълон қилмаган.

daryo.uz

loading...