«Қизил китоб»га киритилган Амударё катта куракбурунини овлашга рухсат берилгани ростми?

0

Куни кеча ижтимоий тармоқларда “Экология қўмитаси қирилиб кетиш арафасидаги Амударё катта куракбурунини овлашга рухсат берган” сарлавҳа остидаги хабар юзасидан Давлат экология қўмитаси Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бошқармаси бошлиғи Александр Казаков қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби”га киритилган камёб ва йўқолиб бораётган ёввойи ҳайвон турларини табиий яшаш муҳитидан ажратиб олишга Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 8 июлдаги “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида” ЎРҚ-627-сон Қонунининг қоидаларига мувофиқ алоҳида тартибда, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси инобатга олинган ҳолда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатнома асосида йўл қўйилиши мумкин.

Фанлар академиясининг 2020 йил 4 декабрдаги 4/1255-2728-сон хулосасига мувофиқ, “Қизил китоб” га киритилган 10 дона Амударё катта куракбурун балиқ турига квота ажратилган. Ушбу ажратилган квота юридик шахс томонидан кўпайтириш ва келажакда маълум бир қисмини республикамизнинг табиий сув ҳавзаларига қўйиб юбориш мақсадида сўралган. Бироқ, бугунги кунга қадар ажратилган 10 дона Амударё катта куракбурун балиқ турини овлашга рухсат бериш бўйича ариза келиб тушмаган. Шу сабабли ҳеч кимга рухсатнома ҳам расмийлаштирилмаган.

Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ёввойи ҳайвон турларини сақлаб қолиш, кўпайтириш мақсадида уларни табиий яшаш муҳитларида ва сунъий ташкил этилган питомникларда кўпайтириш, шунингдек қайта етиштириш ишларини амалга ошириш лозим.

Давлат экология қўмитаси ёввойи ҳайвонларни айниқса, “Қизил китоб” га киритилган ҳайвонларни кўпайтириш ва табиий яшаш муҳитига қўйиб юбориш билан шуғулланувчи, мамлакатимиз фаунасини сақлаб қолишга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган юридик ва жисмоний шахсларни қўллаб-қувватлайди.
Шу билан бирга хабарда маълум қилинган – «Шу йилнинг икки ойида балиқнинг 50 дан ортиғи овланган» тўғрисидаги аниқ далиллар Давлат экология қўмитасига тақдим этилса, ҳуқуқбузар шахсларга нисбатан барча зарур чоралар кўрилади.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here