Трамп Байдендан Путин билан учрашувда ухлаб қолмасликни сўради

0

АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп амалдаги президент Жо Байденга Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда ухлаб қолмасликни тилади. Бу ҳақда New York Post хабар берди.

«Байденга Путин билан музокараларида омад тилайман. Учрашувда ухлаб қолманг», — дея Трампнинг сўзларини келтиради нашр.

Собиқ президент, шунингдек, Байдендан Россия президентига «энг яхши тилакларни» етказишни сўради. Сайловолди ташвиқоти пайтида Трамп бир неча бор Байденни «уйқучи Жо» деб атаган, шунингдек, унинг руҳий таназзул ҳолатида эканини таъкидлаган.

Жо Байден ва Владимир Путиннинг юзма-юз учрашуви 16 июнь куни Женевадаги La Grange вилласида бўлиб ўтади.

CNN хабарига кўра, АҚШ президенти мазкур учрашувда мамлакатлар ўртасидаги дипломатик муносабатларни нормаллаштириш масаласини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.

Байден «раҳбарлар Вашингтон ва Москвадаги элчиларни қайтариш борасида келиша олишига умид қилиб», дипломатик муносабатлар мавзусини кўтаради, деб ёзади CNN. Телеканалнинг таъкидлашича, «элчиларнинг қайтиши Байден маъмурияти саммитдан кутаётган ягона натижага ўхшайди».

Москва билан барқарор ва олдиндан айтиб бўладиган муносабатларни ўрнатишга интилаётгани сабабли Байден маъмурияти элчиларнинг қайтишини икки мамлакат ўртасида очиқ ишчи мулоқотни давом эттириш учун зарур қадам сифатида кўради, деб ёзади CNN АҚШ расмийларига таяниб.

Шу билан бирга, телеканал суҳбатдошлари «Россиядаги америкалик дипломатларнинг умумий сони яқин тарихдаги энг кам миқдорда эканини ҳисобга олиб», мавжуд вазиятни тўғрилаш учун кўпроқ меҳнат қилиш зарурлигини тан олган.

Давлат департаменти вакили Нед Прайс 10 июндаги брифингда АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан Байден–Путин учрашувига тайёргарлик кўришда қатнашганини айтди.

«Биз унинг Москвага яқин ҳафталарда қайтишига умид қилмоқдамиз», — деди Прайс. Аввалроқ АҚШ элчихонаси вакили Жейсон Ребхолз саммитда Салливан ҳам қатнашишини айтганди.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия элчиси Анатолий Антоновнинг Вашингтонга қайтиши истиқболлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, бу борада икки давлат раҳбарларининг учрашувини кутишга чақирди: «Биз саммитни кутяпмиз». Олдинроқ, ушбу эҳтимолни баҳолаган ҳолда, Песков элчи қайтиши ҳам, қайтмаслиги ҳам мумкинлигини айтганди.

rbc.ru

loading...