Тошкент вилоятида таълим сифати юқори бўлмаган мактаб педагоглари аттестациядан ўтказилади

0

Тошкент вилоятидаги таълим сифати юқори бўлмаган мактабларда фаолият олиб бораётган тоифага эга бўлмаган олий ва ўрта махсус маълумотли педагогларни аттестациядан ўтказиш низоми тасдиқланди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Тошкент вилоятининг жами 891 та мактабидан 174 таси (19,5 фоиз) таълим сифати юқори бўлмаган мактаблар тоифасига киради. Шунингдек, вилоятда жами ўқитувчилар сонида ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар улуши 14,9 фоизни ташкил қилса, республика кесимида ушбу кўрсаткич 12,9 фоизни ташкил қилади. Тоифага эга бўлмаган олий маълумотли ўқитувчилар эса 44,7 фоизни ташкил қилган.

Таъкидланишича, ушбу низомга асосан аттестация 2 босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда аттестациядан ўтувчиларнинг назарий билимлари ўз мутахассисликлари бўйича 40 та саволдан иборат малака (тест) синовлари орқали аниқланади, ҳар бир тўғри бажарилган тест саволи учун 1,75 балл (максимал 70 балл) берилади, тест саволлари Халқ таълими вазирлиги ва Таълим инспекциясининг мутахассислари ҳамда улар шартнома асосида жалб этган экспертлар томонидан тузилади.

Ушбу босқичда умумий баллнинг 55 фоизи (38,5 балл) ва ундан юқори баллни тўплаганлар аттестациянинг иккинчи босқичига ўтган ҳисобланади, умумий балнинг 55 фоизи (38,5 балл)ни тўплай олмаганлар аттестациядан ўтмаган ҳисобланади ва иккинчи босқичга рухсат этилмайди.

Иккинчи босқичда аттестация комиссиялари томонидан таълим тизимидаги ислоҳотлар, педагог ходимларнинг фаолияти самарадорлиги, касбий компетентлик бўйича 5 та саволдан иборат саволларга жавоб беришлари керак бўлади. Шу билан бирга, мазкур босқич учун ҳар бир саволга 6 баллдан умумий 30 балл берилади, умумий баллнинг 55 фоизи (16,5 балл) ва ундан юқори балл тўплаганлар аттестациянинг иккинчи босқичидан ўтган ҳисобланади.

Шунингдек, саволлар республика таълим марказининг мутахассислари ҳамда улар шартнома асосида жалб этган экспертлар томонидан тузилиб, билет аттестациядан ўтувчи томонидан кўп вариантлилик асосида тузилган билетлар орасидан танлаб олиш йўли билан аниқланиши айтилган.

loading...