Тошкент вилоятида таълим сифати юқори бўлмаган мактаблардаги педагоглар аттестациядан ўтказилади

0

Тошкент вилоятидаги таълим сифати юқори бўлмаган мактабларда фаолият олиб бораётган тоифага эга бўлмаган педагоглар аттестациядан ўтказилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ХТВ ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг 3 июндаги қўшма қарори билан, Тошкент вилоятидаги таълим сифати юқори бўлмаган давлат умумтаълим муассасаларида фаолият олиб бораётган тоифага эга бўлмаган олий ва ўрта махсус маълумотли педагог ходимларни аттестациядан ўтказиш Низоми ва баҳолаш мезонлари тасдиқланди.

Тошкент вилоятида жами 891та мактабдан 174таси (19,5 фоиз) таълим сифати юқори бўлмаган мактаблар тоифасига киради. Шунингдек, вилоятда жами ўқитувчилар сонида ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар улуши 14,9 фоизни  ташкил қилса, республика кесимида ушбу кўрсаткич 12,9 фоиз ташкил қилади. Тоифага эга бўлмаган олий маълумотли ўқитувчилар эса 44,7 фоизни ташкил қилган.

Низомга асосан, аттестация икки босқичда амалга оширилади:

биринчи босқичда:

  • аттестациядан ўтувчиларнинг назарий билимлари ўз мутахассисликлари бўйича 40та саволдан иборат малака (тест) синовлари орқали аниқланади, ҳар бир тўғри бажарилган тест саволи учун 1,75 балл (максимал 70 балл) берилади, тест саволлари Халқ таълими вазирлиги ва Таълим инспекциясининг мутахассислари ҳамда улар шартнома асосида жалб этган экспертлар томонидан тузилади.

Биринчи босқичда умумий балнинг 55 фоизи (38,5 балл) ва ундан юқори баллни тўплаганлар аттестациянинг иккинчи босқичига ўтган ҳисобланади, умумий балнинг 55 фоизини (38,5 балл) тўплай олмаганлар “аттестациядан ўтмаган” ҳисобланади ва иккинчи босқичга рухсат этилмайди;

иккинчи босқичда: 

  • аттестация комиссиялари томонидан таълим тизимидаги ислоҳотлар, педагог ходимларнинг фаолияти самарадорлиги, касбий компетентлик бўйича 5та саволдан иборат саволларга жавоб беришлари керак бўлади;
  • иккинчи босқич учун ҳар бир саволга 6 баллдан умумий 30 балл берилади, умумий баллнинг 55 фоизи (16,5 балл) ва ундан юқори балл тўплаганлар аттестациянинг иккинчи босқичдан ўтган ҳисобланади.

Саволлар Республика таълим марказининг мутахассислари ҳамда улар шартнома асосида жалб этган экспертлар томонидан тузилади. Саволлар билети аттестациядан ўтувчи томонидан кўп вариантлилик асосида тузилган билетлар орасидан танлаб олиш йўли билан аниқланади.

kun.uz

loading...