​Бугун 26 нафар фуқарога “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони топширилади

0

Ҳар йили 14 июнь Бутунжаҳон донорлари куни сифатида нишонланади. Маълумки, ҳар куни дунё бўйича минглаб инсонлар донор қонига эҳтиёж сезади. Донорлик — одамларга яхшилик қилишнинг энг оддий кўриниши бўлиб, ушбу беғараз, кўнгилли ёрдам қонга эҳтиёжи бор инсонлар учун ҳақиқий кўмакдир.

Қон бу ҳеч нарса билан алмаштиришнинг имкони йўқ ва сунъий равишда ишлаб чиқиб бўлмайдиган инсон ҳаётидаги муҳим неъмат ҳисобланади. Шу боисдан мамлакатимизда донорлик тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Қон захирасини таъминлашнинг ягона йўли соғлом кишилардир. Айниқса, ҳозирги пандемия вақтида донорлар сони кескин камайиб, оғир беморларга донорлар қони янада зарур бўлмоқда.

Донор қон топширар экан, кимнингдир ҳаётини сақлабгина қолмай, ўз соғлигини сақлашга ҳам эришади. Чунки мунтазам тиббий кўрикдан ўтиб туриш ва қон таҳлилларини топшириш, киши саломатлиги ҳақида маълумотга эга бўлиб боришига хизмат қилади. Ҳозирда дунёнинг кўплаб давлатларида қон захираси кўнгилли донорлик ҳисобига йиғилади.

Соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз ҳисобланади. Чунки одам организмида 4,5-5 литр қон бўлиб, ундан 200 ёки 400 мл олинади ва организм 36 соат ичида топширилган қон миқдорини тиклаб олиш хусусиятига эга.

Боз устига, бу муолажа қон тизими ишини ўзига хос равишда рағбатлантиради. Асосийси, қон топширишартериал гипертония хасталигининг олдини олиш ва бартараф этиш, моддалар алмашинувини яхшилашга хизмат қилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, хавфсиз қон фақатгина беғараз донордан тайёрланади. Беғараз донорликни аҳоли орасида ривожлантириш учун мамлакатимизда кўпгина ишлар амалга оширилмоқда.

ЖССТ бу йилги Бутунжаҳон донорлари кунини бутун дунёда “Қон топширинг, дунёда ҳаёт давом этсин” шиори остида ўтказишни таклиф этган. Бунда қон донорлари дунёда кимнингдир ҳаётини сақлашга ва яна кимнингдир ҳаёти мазмунини яхшилашга қўшган ҳиссаси муҳим эканлиги тарғиб қилинади.

Бундай акциялар дунё бўйлаб кўпроқ одамларни мунтазам равишда қон топширишга ва шу билан аҳоли соғлиғини яхшилашга ҳисса қўшишга қаратилган глобал даъватни кучайтиради. Кўпгина мамлакатларнинг ёшлари ихтиёрий қон топшириш орқали хавфсиз қон таъминотини яхшилашга қаратилган тадбирлар ва ташаббусларда фаол иштирок этмоқдалар. Кўплаб мамлакатларда аҳолининг аксарият қисмини соғлом, ғайратли ва ижодий кучга тўлган ёшлар шакллантирганлиги учун бу йилги акциялар ёшларнинг жамиятда тутган авангардлик ролига қаратилган.

Дунё бўйлаб ўтказиладиган бу йилги кампаниянинг мақсадлари:

– ёшларни қон топширишга қаратилган инсонпарварлик чақириғига жавоб беришга ва бошқаларни шу йўлни тутишга ундаш;

-соғлиқни сақлашни ривожлантиришда шерик сифатида ёшлар салоҳиятини тан олиш.

Юртимизда ўз қонини камида қирқ марта ёки унинг таркибий қисмларидан бир қисмини камида олтмиш марта бепул топширган фуқаролар анъанавий тарзда “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан мукофотланади.

Бу йил ҳам республикамизнинг барча ҳудудларида доимий, беғараз донорларни ва донорлар ҳаракатини ривожлантиришда фаол иштирок этадиган ташкилотчиларни рағбатлантириш кўзда тутилган. Яъни 14 июнь — Бутунжаҳон донорлар куни мамлакатимиз бўйича 26 нафар фуқарога “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони жойларда санитария-эпедимиология талабларига риоя этган ҳолда топширилади.

Қон топшириш инсоннинг инсонга ҳадя этган энг олий даражадаги совғасидир. Ҳаёт ҳадя этиш — савоб ишнинг энг олий ифодаси ҳам саналади. Шундай экан, савоб ишни амалга оширишга кечикмайлик.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

loading...