Диққат! Бухорода 9 синф ўқувчиси сувда чўкиб кетиб, ҳалок бўлди

0

Бухоро вилояти, Олот туманидаги мактаб ўқувчиси дарсдан сўнг ўз хонадонидан чиқиб, чўмилишга бориб, сувга чўккан ва унинг жасади бир кундан кейин топилган. Ҳолат бўйича вилоят ФВБ маълумот берди.

Қайд қилинишича, жорий йилнинг 9 июнь куни тумандаги 25-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси соат 11:40 ларда жорий имтиҳонни топшириб бўлгач, соат 12:00ларда уйига жўнаган. Тумандаги «Халифа» маҳалласида яшовчи С.М. уйида тушлик қилгач, чамаси, соат 14-15 лар атрофида 4 нафар мактабдоши билан Қоракўл туманидан оқиб ўтувчи катта «Аму-Бухоро» каналида чўмилишган.

Чуқурлиги тахминан 4-5 метрда, сув ҳажми ҳам жуда баланд бўлган канал 15 ёшли С.М.ни тўлқинида оқизиб кетган. Унинг ёнида бўлган тенгдошлари С.М.ни қутқаришга уринишган. Бироқ ҳаракатлари зое кетган. Ҳолатдан қўрқиб қолган ўсмирлар воқеа жойидан қочиб кетишган.

«9 июнь куни содир бўлган бу ҳолатдан, чамаси, бир соатларча кейин хабар топдик. ФВБнинг ғаввос-қутқарувчилари, балиқчилар жалб этилганди. Канал суви ҳажми жуда юқорилиги сабабли болани тирик қутқариб қолиш имкони бўлмаган. Қидирув 10 июнь тонгига қадар давом этди ва шу куни боланинг жасади фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан жалб этилган балиқчилар тўр халтаси орқали топилган», дейилади хабарда.