Сергелидаги бадбўй ҳид юзасидан 22 нафар масъулга маъмурий иш қўзғатилди

0

Тошкент шаҳрининг Сергели тумани ҳудудида кузатилаётган бадбўй ҳид юзасидан 22 нафар масъулга маъмурий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Деҳқонов айтиб ўтди.

 

Қайд этилишича, Сергели тумани ҳудудида баъзи пайтларда кузатилаётган бадбўй ҳидни бартараф қилиш мақсадида “Тошкент шаҳар сув таъминот” МЧЖ тақдим қилган потенциал хавфли корхоналар рўйхати бўйича Бектемир ва Салар оқова сув тозалаш иншоотларига техник сувларни ташловчи корхоналарда президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бизнес-омбудсман рухсатига асосан текширувлар амалга оширилди.

Унинг натижаларига кўра, корхона ва ташкилотларнинг 22 нафар масъулларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий ишлар қўзғатилган.

“Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, корхоналарда локал оқова тозалаш тизимини ишга тушириш, уларни таъмирлаш ва самарали ишлашини таъминлаш юзасидан қисқа муддатда бажарилиши лозим бўлган мажбурий кўрсатмалар берилди. 

Бектемир туманида жойлашган 9-та корхона томонидан берилган мажбурий кўрсатмалар ўз вақтида бажарилмагани сабабли давлат экологик экспертизаси белгиланган муддатдан олдин амал қилишини тўхтатиш ва шаҳар канализация тармоғидан узиш мақсадида Тошкент шаҳар иқтисодий судига даъво аризаси киритилди”, деди Фарҳод Деҳқонов. 

Билдирилишича, Салар оқова сув тозалаш иншоотига ишлаб чиқариш оқова сувларини ташловчи 18-та корхонадан 11-тасида текширишлар амалга оширилди. Меъёр даражасида тозаланмаган оқова ташлаётган корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилган.

kun.uz

loading...