Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт ҳокимлиги ҳузурида бошқарув компанияси яратишни таклиф қилди

0

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги бошқарув компаниясини яратишни таклиф этди. Ҳоким бу таклифни Президент раислигида Ўзбекистонда кўп қаватли турар жой биноларини қуриш ва уларга хизмат кўрсатишни такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирган, деб хабар беради «Gazeta.uz».

Маълум қилинишича, Тошкент ҳокими бошқарув сервис компанияси давлат унитар корхонаси шаклида яратилишини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Туркия ва бошқа мамлакатлардан 50 нафар экспат (чет элдан таклиф қилинган ходим)ни жалб этиш режалаштирилмоқда.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошқарув компаниясига боғлиқ тажрибани Тошкентда синаб кўришни, лойиҳа муваффақиятга эришгач эса уни бошқа ҳудудларга жорий этишни таклиф қилган.

Шаҳар ҳокимининг маълум қилишича, у бу каби бошқарув компаниялари тажрибаси билан 17—18 май кунлари Қозонга амалга оширган ташрифи давомида танишган. Қозонда турар жой фондига 118 та бошқарув компанияси ва 510 га яқин уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатади.

Унинг сўзларига кўра, бошқарув компанияси аҳолига таъмирлаш, қурилиш материалларни етказиб эриш, болаларни парваришлаш каби қатор хизматларни тақдим этади.

«Қозонда ҳатто болаларни парваришлаш бўйича хизмат ҳам бор, уйингизга ҳатто кефир олиб келиши мумкин… Ўйлайманки, 5—10 йилдан сўнг бу каби компания барибир керак бўлади», — дейди ҳоким.
Президент Шавкат Мирзиёев лойиҳани апробация қилиш ва тақдимот учун тайёргарлик кўришга вақт берди. Шунингдек, у Татаристон президенти Рустам Миннихановнинг мамлакатга ташрифи кутилаётганини, у билан лойиҳани такомиллаштириш имкониятини муҳокама қилиш мумкинлигини таъкидлаб ўтган.

Йиғилишда давлат раҳбари Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Хидоятовга икки ой ичида мамлакатдаги 14 та шаҳарда 1100 дан ортиқ кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув компаниясини синов тариқасида танлаш топшириғини берган.

Эслатиб ўтамиз, апрель охирида Президент Шавкат Мирзиёев кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишган, май охирларида эса Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг 14 та шаҳридаги минглаб кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатиш бошқарув-сервис компанияларига берилишини айтган эди.

loading...