Мисрда «Мусулмон биродарлар» исломий партияси раҳбари 175 йилга қамалди. Жазони ўташга умри етармикан?!

0

Мисрда тақиқланган «Мусулмон биродарлар» исломий партиясининг раҳбари Муҳаммад Бадиа уч маротаба унга белгиланган ўлим жазосидан озод этилиб, 12 та жиноий иши бўйича 175 йилга қамалди. Бу ҳақда «Al-Jazeera» хабар берди.

Маълум бўлишича, Мисрнинг кассация суди исломий партиянинг 12 нафар раҳбарига, шу жумладан 2013 йилда мамлакатда ҳокимиятдан четлатилган учта юқори мартабали раҳбарларига қарши ўлим жазосини бекор қилган. Уларга 2013 йилда ҳарбийлар томонидан «Мусулмон биродарлар» президенти Муҳаммад Мурсийнинг лавозимидан четлатилишидан кейин уюштирган намойишлари бўйича ўлим ҳукми берилган, бироқ суд бу бўйича қайта текширув ўтказилишини айтган.

Таъкидланишича, 2013 йил Рабаа ал-Адавия майдонида бўлган намойишда исломий партия аъзолари президентининг қайтиб келишини талаб қилган. Ҳодисада хавфсизлик кучлари майдонга бостириб кириб, 800 га яқин одамни ўлдирган. Шундан кейин расмийлар намойишчилар қуролланганини ва «терроризмга қарши кураш» учун шу чорани қўллаганини айтган.

Намойишчилар провокация, зўравонлик, қотиллик, ҳокимият органларига қаршилик кўрсатиш, давлат мулкини йўқ қилиш, қурол ва портловчи моддаларни ноқонуний сақлашда айбланган. 2014 йилда уларнинг ярмидан кўпи ўлимга, қолганлари эса умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Жамоатчиликнинг талабига кўра бош прокуратура илтимосига биноан апелляция шикояти берилиб, 2015 йилда янги суд жараёни бошланиб, 2018 йилда якунланган. Унда 75 нафар айбланувчига вақтинчалик ўлим жазоси белгиланган. Сўнгги судда ижро 12 маҳкумга берилган.

Қайд этилишича, «Мусулмон биродарлар» исломий партиясининг раҳбари 78 ёшли Муҳаммад Бадиага нисбатан яна 7 та жиноий иш бўйича якуний ҳукм чиқарилади.

Аввалроқ Афғонистонда «Ал-Қоида» ва «Толибон» ҳаракатининг юқори мартабали қўмондонлари ўлдирилганди. Шунингдек, Сурияда кучли таъсирга эга йирик террористик гуруҳ раҳбарлари йўқ қилинганди.

loading...