Янгилик! Тошкент бозорларида нархлар барқарорлигини таъминловчи электрон тизим ишга тушади

0

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг маълум қилишича, пойтахт бозорларида нархлар барқарорлигини таъминловчи электрон тизим ишга тушади.

Мазкур қарор бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт вазири Жамшид Қўчқоров раҳбарлигида ички истеъмол бозорига мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш юзасидан фермер хўжаликлари, экспортёрлар, деҳқон бозорлари раҳбарларининг таклифлари билан ўртоқлашиш мақсадида ўтказилган очиқ давра суҳбатида қабул қилинган.

Маълумотларга кўра, ички ва ташқи бозорни мева-сабзавот ҳамда гўшт маҳсулотлари билан барқарор таъминлашда энг асосий муаммо бу ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар ўртасида онлайн маълумот алмашувининг мавжуд эмаслиги. Шунингдек, ички истеъмол бозорида талаб ва таклиф ўртасида мувозанатни сақлаш, маҳсулот етиштирувчи ва харидорларни улгуржи бозорларда кунлик шаклланаётган нархлар билан доимий хабардор қилиб бориш бўйича янгича тизим яратиш ва амалиётга жорий этиш юзасидан таклифлар билдирилган.

Берилган таклифлардан келиб чиқиб, бир ой муддатда Тошкент шаҳридаги «Тошкент қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори» ҳамда «Эски Жўва деҳқон бозори» акциядорлик жамиятларида тажриба тариқасида бозор ҳудудига кунлик кириб келган мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари тури, миқдори, уларнинг энг қуйи ва энг юқори нархи ҳамда қайси ҳудуддан олиб келинганини ўз ичига олган дастурий таъминот ишлаб чиқилиши белгиланган.

Ишлаб чиқилган дастурий таъминот орқали бозор ҳудудига кунлик келган мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари тури, миқдори, уларнинг нархи тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида доимий эълон қилиб борилади.

Мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари нархларининг кўтарилиши ва унга таъсир этган омиллар ҳақида Давлат статистика қўмитасида доимий брифинг ўтказиб борилиши йўлга қўйилади.

Аввалроқ Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти Price Warnings лойиҳаси доирасида Тошкент бозорларидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини ўрганиб, бошқа мамлакатлар пойтахтларидаги нархлар билан солиштирганди. Ўрганишлар натижасида Тошкентда айрим маҳсулотлар Европа пойтахтларидан ҳам қимматроқ экани аниқланган.

loading...