Илон Маск охирги уйини ҳам сотувга қўйди. Чунки…

0

Tesla компанияси асосчиси ва дунёнинг энг бой одамларидан бири Илон Маск ўзига тегишли уйлардан охиргисини ҳам сотишга қарор қилганини айтди. Маск Сан-Франциско кўрфазида жойлашган уйини сотиб, бир йил аввал берган ваъдасининг устидан чиқади. У ўшанда ўзига тегишли барча кўчмас мулк ва бошқа мулкининг катта қисмини сотишини эълон қилганди.

«Охирги уйимни ҳам сотишга қарор қилдим. Уни бирор катта оила сотиб олиши керак. Бу ўзгача жой», деб ёзган тадбиркор Twitter’да.

Маск катта мол-мулкка эгалиги танқид қилинганига жавобан уни сотиб юборишга ваъда берганди. Тадбиркорга тегишли охирги уй сотилиши ҳақидаги хабар эса ProPublica нотижорат ташкилоти олиб борган суриштирув натижалари эълон қилингандан бир ҳафта ўтиб пайдо бўлди. Суриштирувга кўра, 25 нафар энг бой америкалик, жумладан, Маск қонунда белгилангандан анча кам даромад солиғи тўлаган.

2020 йил майида миллиардерга тегишли бутун кўчмас мулк — Лос-Анжелес ва Сан-Францискодаги 7та ҳашаматли уй 100 млн долларга баҳоланган. Маск охирги уйини сотгач унда бирорта кўчмас мулк объекти қолмайди. Миллиардер 2020 йилдан бошлаб Техасда ўзига тегишли SpaceX компаниясига қарашли уйда ижарада яшаб келмоқда.

loading...