Қинғир ишнинг қийиғи…

0

Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний ҳаракатини олдини олиш бугун божхона органлари олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда Сирдарё вилоятида тезкор тадбир ўтказишди.

Тадбир давомида кузатувга олинган “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада, транспорт воситаси салонининг орқа қисмида полиэтилен пакетга жойлаштирилган, тўқ жигарранг рангли, ўткир ҳидли модда борлиги аниқланди. Экспертиза текширувларига кўра, оғирлиги 1 кг. 973 граммни ташкил этувчи мазкур модда “гашиш” гиёҳвандлик воситаси эканлиги маълум бўлди.

Шунга ўхшаш тезкор тадбир Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ҳам ўтказилди. Унга кўра, туман ҳудудида жойлашган уйлардан бирининг ер тўласи белгиланган тартибда кўздан кечирилганда бу ерда ҳам 990,95 гр. “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида божхоначилар томонидан жами 2 кг. 963 гр. гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

loading...