Эшаклар байрами…

0

Бир қишлоқнинг кекса айилчиси (эшакнинг «эгари»ни ясовчи уста) омонатини Ҳаққа топширди. Бундан қувонган эшаклар қишлоқ майдонига тўпланиб, байрам бошладилар. Эшакларнинг бири бу ҳолга узоқдан ҳайрон қараб турган қари бир эшакни кўриб қолиб, унинг олдига борди ва:
– Сизнинг ҳеч нарсадан хабарингиз йўқ шекилли. Айилчи уста ўлди, – деди. Ёши катта эшак пинагини ҳам бузмади.

– Ўлган бўлса нима бўпти! Шунга байрам қилиш керакми? – деди.
– Ие, нега байрам қилмайлик? – деди ёш эшак ҳайратланиб. – Энди сиртимизга эгар урадиган йўқ. Бундан буён елкамиз яғир бўлмайди. Озодмиз энди!
– Тавба-тавба! Озод эмишлар! – киноя билан кулди қари эшак. Кейин бошини маҳзунлик билан сарак-сарак қилиб, деди:
– Ҳеч эсингиз кирмас экан-да! Ўлган уста ҳарқалай ҳар биримизнинг ўлчовимизни биларди, бизга сиртимизни яра-чақа қилмайдиган, ўзимизга мос айиллар ясаб берарди. Эрта-индин унинг ўрнига бошқа бир эгар-жабдуқчининг келиши аниқ. У то бизнинг ўлчовларимизни тўғри олишни ўрганмагунигача сиртимиз яра-чақа бўлиб, адабимизни еймиз. Ақлингиз бўлса, эгарчидан эмас, эшакликдан қутулмоқ йўлини ахтаринг. Токи эшаклигингизча қолар экансиз, сизни эгарлайдиганлар албатта топилади…

 

loading...