АҚШ Россияга қарши янги санкциялар тайёрламоқда

0

АҚШ Алексей Навальнийнинг заҳарланиши муносабати билан Россияга қарши янги санкцияларни тайёрламоқда. Бу ҳақда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан CNN телеканалига маълум қилди.

«Алексей Навальний заҳарлангани учун илгари Россияга қарши санкциялар жорий қилгандик. Мазкур ҳолат билан боғлиқ ҳолда қўлланиладиган яна бир санкциялар пакетини тайёрламоқдамиз», — деди Салливан. Унинг таъкидлашича, Вашингтон «зарур нишонларга зарба берилаётганини» пайқаган заҳоти кимёвий қуролдан фойдаланиш юзасидан ҳам санкциялар киритади.

Шунингдек, Салливаннинг сўзларига кўра, АҚШ «Шимолий Оқим 2» газ қувури қурилишида иштирок этаётган компанияларга қарши санкцияларни қўллашда давом этади. АҚШ президентлигига киришганида, Жо Байден мазкур қурилишда қатнашадиган Россия компанияларига ҳар 90 кунда чекловлар қўйиш режасини эълон қилганди.

«Байден буни амалга оширди ва шундай қилишда давом этади», — деди Салливан.

Шу билан бирга, президент ёрдамчисининг таъкидлашича, қурилишда иштирок этган хорижий компанияларга қарши санкциялар қўлланилмайди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Салливаннинг сўзларига муносабат билдирар экан, «АҚШнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига доим табиий равишда жавоб бериб келганмиз», деди.

Жейк Салливан янги санкциялар ҳақида Жо Байден ва Владимир Путиннинг Женевада бўлиб ўтган учрашувидан тўрт кун ўтиб маълум қилди. Ушрашувдан кейин Путин берган баёнотга кўра, агар АҚШ, 2018 йилда Путин ва Дональд Трампнинг Хельсинкидаги учрашувидан сўнг жорий қилгани каби, Москвага қарши яна янги санкциялар киритса, бу «навбатдаги бой берилган имконият» бўлади.

loading...