Яна янги мутация аниқланди

0

Ҳиндистонда коронавирус «ҳиндча» штаммининг янги варианти тарқалди. Махараштра штатида аниқланган ушбу тур «Delta-plus» деб номланди («ҳиндча» штамм «дельта» деб аталган). Бу ҳақда Hindustan Times хабар берди.

Хабарга кўра, умумий ҳисобда штатнинг тўртта туманида янги мутацияни юқтириш бўйича 20 та ҳолат қайд этилди.

Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таъкидлашича, янги штамм тадқиқотчиларда қизиқиш уйғотмоқда ва ҳанузгача хавотирли мутациялар тоифасига киритилмаган.

Бироқ NDTV телеканали Ҳиндистон Тиббиёт фанлари институти раҳбари Рандип Гулериянинг сўзларига асосланиб, ушбу штамм ўрганилмаса келажакда ташвиш туғдириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Гулериянинг аниқлик киритишича, янги мутация «юқумлилик жиҳатдан» вируснинг хусусиятларини ўзгартириб юбориши мумкин, унинг хатти-ҳаракатини бир неча ҳафта давомида кузатиб бориш лозим.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг октябрь ойида Ҳиндистонда коронавируснинг дельта варианти аниқланганди. Ўшандан бери ушбу штамм мамлакат чегараларидан анча узоққа тарқалди ва кўплаб мамлакатларда, шу жумладан, Европа ва Осиёда қайд этилди.

Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг дельта варианти бутун дунёда устунликка эришаётгани ҳақида огоҳлантирганди. Таъкидланишича, ушбу тур дунёнинг 80 дан ортиқ давлатида аниқланиб, тарқалиб боргани сари кўпроқ мутацияга учрамоқда.

ЖССТ маълумотларига кўра, коронавируснинг дельта варианти алфа-штамм( коронавируснинг «британча» штамми)дан 60 фоизга фаолроқ бўлиб чиққан. У, шунингдек, оғирроқ симптомлар чақиради, аммо бу хулосалар тасдиқланиши учун қўшимча тадқиқотлар ўтказилиши керак.

loading...