ССВ: Ҳудудлардаги коронавирус инфекциясини даволашда иштирок этадиган шифокорлар Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарида малака оширади

0

Коронавирус инфекциясига қарши даволашда бугунги кунга қадар орттирилган тажрибани кенг жорий этиш, замонавий даволаш усуллари ва стандартларини янада кўпроқ татбиқ этиш мақсадида ҳар бир ҳудуддан даволашда иштирок этадиган 5 нафар шифокор Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохоналарида малака оширишади.

Маълумки, Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси 33 гектар майдондаги 2 та комплексни ўз ичига олади. Бунда юқумли касалликлар хусусияти ва замонавий тиббиёт талаблари инобатга олинган. Муассаса 4 минг ўринга мўлжалланган.

Реанимация бўлимларида ҳар бир койка сунъий ўпка вентиляцияси ва даволаш аппаратлари билан жиҳозланган. Бу бўлимни кардиология, неврология, педиатрия каби турли йўналишлар бўйича жиҳозлаш ҳам мумкин.

Лабораторияда вирусология, биокимё ва иммунология, микробиология, паразитология бўйича энг илғор аппаратлар ўрнатилган.

Масалан, амалдаги полимер занжирли реакция ускунаси 5 соатда ўртача 40 кишига ташхис қўйса, бу ердаги замонавий жиҳозлар 2 соатда 90 та намунани аниқлаш имкониятига эга.

Экспресс-тест усулида қондаги антитаначаларни 10 дақиқада аниқлаш имкони яратилган. Полимер занжирли реакциянинг антиген экспресс тести йўлга қўйилган бўлиб, 5 дақиқада инсонда коронавирус бор ёки йўқлиги аниқланади.

Шунингдек, қабул-диагностика бўлимида мультиспирал компьютер ва магнит резонанс томография, рақамли рентген ҳамда замонавий ультратовуш диагностикасини бир вақтнинг ўзида бажариш мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

loading...