​“ТАБЛЕТКАФУРУШ”ЛАРНИНГ НОҚОНУНИЙ САВДОСИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ

0

Шундай дори воситалари борки, агар улар шифокор тавсиясисиз истеъмол қилинса, инсон ҳаётига жиддий хавф туғдиради. Хусусан, кучли таъсир қилувчи препаратларни нотўғри қўллаш туфайли ушбу фармацевтик маҳсулотларга қарам бўлиб қолиш ёки наркологик касалликларга йўлиқиш мумкин. Катта ҳаёт остонасида турган ўсмир йигит-қизлар орасида бу каби зарарли одатлар учраётгани ота-оналарни, халқимиз саломатлигига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқарони ташвишга солиши шубҳасиз.

Ахир, уларнинг бундай хатарли йўлга қадам қўйиши яқинлари, маҳалла-кўй ва таълим даргоҳлари учун ҳам калтис оқибатларига олиб келиши турган гап.

Афсуски, орамизда ушбу моддалар инсон саломатлигига жиддий зарар етказишини била туриб, ёшлар орасида кучли таъсир қилувчи ва сифати кафолатланмаган бу дори воситаларини сотишга уринаётган нопок кимсалар ва дорихона эгаларининг борлиги ачинарлидир.

— Маълумки, 2019 йил 6 сентябрда Президентимизнинг “Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган, — дейди Республика Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Тошкет шаҳар бўлими раҳбари Улуғбек ЖУМАНИЁЗОВ. — Унга кўра, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг чакана реализацияси (берилиши) фақат ижтимоий дорихоналар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш (бериш) фаолиятига лицензияси бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилиши белгиланган. Бироқ афсуски, ўрнатилган ушбу тартибга қарамай, бугунги кунда рецептсиз берилмайдиган, фақат рухсатномаси бор дорихоналардагина сотилувчи бу дорилар турли ноқонуний йўллар билан ёшларимиз қўлига бориб қолмоқда.

Аслида кучли таъсир қилувчи дори воситалари аҳоли сони ва касалланиш даражасининг уч йиллик статистикасига қараб, экспорт қилинади. Масалан, биргина “Тропикамид” дори воситасини оладиган бўлсак, ушбу препарат кўз касалликлари шифохоналарида диагностика қилиш ва бошқа муолажаларда ишлатилади. Ушбу фармацевтик маҳсулот ижтимоий дорихоналарга қатъий белгиланган миқдорда олиб келинади ва беморларга фақатгина ретцепт асосида берилади. Кўча-кўйда ва айрим дорихоналарда ноқонуний сотилаётган кучли таъсир қилувчи дори воситалари юртимизга контрабанда усулида олиб кирилади ва сотилади.

Маълумотларга қараганда, уларнинг ноқонуний савдосига чек қўйиш мақсадида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Тошкент шаҳар бўлинмаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари ўзаро ҳамкорликда йил бошидан бери бир неча бор тезкор тадбирлар ўтказди.

— Хусусан, ана шундай тадбирларда пойтахтимиздаги Юнусобод тумани Осиё кўчасида жойлашган “Aziza pharmacy plus” МЧЖ, Чилонзор туманида жойлашган “Farm luks” МЧЖ, “Atsefenak farm”, “Gulshana pharm servis” МЧЖ, Учтепа туманида жойлашган “Impulus farm trade”, “City open”, “Farm standart navoiy” МЧЖ, Шайхонтохур туманида жойлашган “Салус онико” МЧЖга қарашли қатор дорихоналарда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси амалга оширилган, — дейди У. ЖУМАНИЁЗОВ. — Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонунда белгиланган тартибда мазкур дорихоналар эгаларини жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмоқда. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига улар бўйича тақдимномалар киритилгач, белгиланган тартибда дорихоналар лицензияси олиб қўйилади ҳамда 3 йил давомида жавобгар шахсга лицензия берилиши ва муассасада дори-дармон савдосини амалга оширилиши тақиқланади.

Шу ўринда юртимиздаги барча дорихона эгаларини осон моддий даромад кетидан қувиб, маъмурий, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши ҳамда лицензиясидан маҳрум бўлишига сабаб бўладиган ноқонуний фаолиятдан сақланишини сўраб қоламиз.

Энг асосийси, уларнинг бу ҳаракатлари туфайли ёш авлодимиз саломатлигига жиддий зарар етаётгани, келгусида жамиятимизнинг олди қаторларида бўлиши мумкин бўлган йигит-қизларнинг кучли таъсир қилувчи воситаларга қарам ҳолатга келиб қолиши ачинарлидир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

loading...