Тергов ва судда ундиришни хоҳламаган фуқародан 284 млн. сўм моддий зарар ундирилди

0

2020 йилнинг 22 июнь куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида кўрсатилган жуда кўп миқдордаги маблағларни фирибгарлик йўли билан талон-торож қилишда фуқаро Н.Джумабаевни айблаш тўғрисидаги жиноят иши кўриб чиқилиб, Б.Зайнитдинов фойдасига 284 837 280 сўм моддий зарар ундириш белгиланган.
Судларнинг бир неча инстанцияларида кўриб чиқилган мазкур жиноят иши бўйича ижро варақаси Бюронинг Қўқон шаҳар бўлимига жорий йилнинг февраль ойида келиб тушган ва ижро иши юритуви қўзғатилган.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида Н.Джумабаев Қўқон шаҳрида ўз тадбиркорлик фаолиятига эга бўлиб, моддий зарарни тўлаб беришга қодир бўла туриб суд қарори ижросини таъминлашдан бўйин товлаган. Шу сабабли унинг номига расмийлаштирилган бир неча кўчмас мулк объектлари аниқланиб, барчасига тақиқ қўйилган.

Жорий йилнинг июнь ойига айрим кўчмас мулклари баҳоланиб онлайн савдо платформаси орқали сотувга қўйилиши билан боғлиқ ҳужжатлар расмийлаштирилаётганидан хабардор бўлгачгина қарздор Н.Джумабаев қарздорликни тўлиқ қоплаб беришини маълум қилган.

Шундан сўнг, ундирувчи Б.Зайнитдинов Тошкент шаҳар Учтепа туманидан Қўқон шаҳрига чақиртирилиб, у кўрсатган банк реквизитлари бўйича 284 837 280 сўм моддий зарар пули қарздордан тўлиқ ундирилгани ҳолда ўтказиб берилиши таъминланди.

Шу билан биргаликда суд қарори қонунда белгиланган муддатда бажарилмаганлиги сабабли 2 848 372 сўм ижро йиғими қўшимча ундириб олинди.

Натижада суд қарори ижроси тўлиқ таъминланиб, фирибгарлик жинояти бўйича тергов ва судда ҳам ундириб берилмаган жуда кўп миқдорда моддий зарар фуқаровий даъвогарга тўлиқ ундириб берилишига эришилган.

loading...