Ўзбекистонда аномал иссиқ ҳаво сабаб поездлар ҳаракат жадвали ўзгариши мумкин

0

“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ ахборот хизматининг хабар беришича, айни вақтда республикада ҳаво ҳароратининг кўтарилиши туфайли поездлар қатнови жадвали ўзгариши мумкин.

 

Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати марказидан олинган хабарга кўра, 2021 йил 28 июндан бошлаб мамлакат ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан иссиқ ва қуруқ ҳаво кириб келди. Ҳафта давомида Ўзбекистон бўйича ҳаво ҳарорати кечалари 22-25 даража иссиқ, кундуз кунлари 38-41 даража иссиқ бўлади, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда 43 даража иссиққача кўтарилади.

“Бундай иссиқ ҳаво пайтида пўлат излардаги ҳарорат янада юқори бўлади. Шу боис, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2021 йил 7 июл санасига қадар чўл ҳудудларида поездлар ҳаракат жадвалида ўзгаришлар кузатилиши мумкин”, дейилади хабарда.

Шунингдек, ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳали жадвалда ўзгариш бўлмаган.

“Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, ҳаво ҳарорати кўтарилиши билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун барча хавфсизлик чоралари кўрилмоқда”, дейилади ахборотда.

loading...