“SPORT FEST – 2021”: “ЖАР” спорт мажмуасида 12 турдаги спорт мусобақалари бўлиб ўтди

0

28-29 июнь кунлари пойтахтимиздаги “ЖАР” спорт мажмуасида “SPORT FEST – 2021” спорт мусобақалари ўтказилди. Тошкент шаҳри маҳаллаларида истиқомат қилувчи ёшлар футбол, волейбол, баскетбол, бадминтон, кураш, қўл жангги каби 12 турдаги спорт мусобақалари учун қизғин баҳс олиб борди.

Биргина волейбол спорт тури бўйича мусобақада пойтахтнинг 12 туманидаги 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган қизлар жамоалари қизиқарли ва муросасиз ўйин кўрсатди. Унда 1-ўринни Миробод тумани жамоаси, 2-ўринни Яшнобод тумани жамоаси ва 3-ўринни Чилонзор тумани жамоаси қўлга киритди. Ўғил болалар ўртасидаги баҳсда эса Яккасарой тумани жамоаси 1-ўринга, Чилонзор тумани жамоаси 2-ўринга, Яшнаобод тумани жамоаси эса 3-ўринга сазовор бўлди.

— Ўзбекистон Ёшлар ишлар агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада минг нафардан ортиқ ҳаваскор спортчилар жам бўлишди. Иштирокчилардаги ўзгача ёндашув, кучли тайёргарликни кўриб, ёшлар ўртасида спортга бўлган муҳаббат ва иштиёқнинг илдизи мустаҳкамлигига, кун сайин ёшлар ҳаётида оммавий спортнинг ўрни муҳим аҳамиятга эга бўлиб бораётганига амин бўлдим, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаш раисининг ўринбосари Шерзод Олимов.

Қўл жангги бўйича кечган қизғин ва шиддатли курашда 100 нафар пойтахт ёшлари ўзаро куч синашди. Якуний натижаларга кўра, 55 кгдан 95 кггача бўлган 9 та вазн тоифасидаги ғолиблар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

— Айни пайтда спортнинг кураш тури бўйича мусобақага ҳакамлик қиляпман. Ҳозиргача 7 та вазн тоифасидаги 11 та жамоанинг беллашувига гувоҳ бўлдим. Иштирокчилардаги ўзига бўлган ишонч, шижоат, қатъият ва олға интилиш мени анча қувонтирди, – дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси Умида Мирҳамидова. —Мазкур мусобақа орқали ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишга қизиқтириш ва улар орасидан бўлажак чемпионларни саралаб олишни мақсад қилганмиз.

— Ушбу порт мусобақалари менга жуда манзур келди. Сабаби ёшлар ўртасида оммавий спорт анча ўсмоқда. Бугун барча юмушлардан ҳоли бўлиб, алоҳида вақт ажратиб, соғлом турмуш тарзи учун қадам ташламоқдамиз. Бундан ташқари, мусобақа натижасида ёшларнинг танишув учрашувлари улар ўртасидаги ўзаро дўстлик алоқаларига кўприк вазифасини ўтаяпти, – дейди мусобақа иштирокчиси Баҳодир Умаров.

Mусобақа доирасида “Ёшлар веломарафони” Республика турнири ва Шахмат бўйича Республика биринчилиги ҳам бўлиб ўтди. “Ёшлар веломарафони”да ҳудудий босқичлардан саралаб олинган 42 нафар ёшлар, Шахмат бўйича Республика биринчилигида эса 56 нафар вилоят босқичи ғолиблари финал шоҳсупаси учун курашди.

Минг нафардан ортиқ ёшларни бир эзгу мақсад атрофида бирлаштирган мусобақа давомида ғолиблар ташкилотчиларнинг махсус дипломлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Якундаги галаконцерт ёшларга кўтаринки руҳ ва байрамона шукуҳ улашди.

Шахноза Нуруллаева