Профессионал бокс: WBА рейтинги янгиланди

0

Хасанбой, Шохжаҳон, Ботир кучлилар сафида. Мелиқўзиев эса ҳозирча ТОП-15 талик билан хайрлашди
Куни кеча, 1 июль куни Бутунжаҳон боксчилар ассоциацияси (WBА) янгиланган рейтингни эълон қилди. Июнь ойи мобайнидаги бир қатор асосий ва рейтинг жанглари натижаларига кўра, кимлардир ўз йўналишларидаги ўрнини мустаҳкамлаб олган бўлса, кимлардир кучли 15 талик билан хайрлашди.

Жумладан, ўтган ойдаги омадсизлик оқибатида WBА рейтингида 7-ўринда бораётган ҳамюртимиз Бектемир Мелиқўзиев иккинчи ўрта вазн (76,2 кг) даги ТОП-15 таликни ҳозирча тарк этди. Шу кунларда Америкада машғулотларни олиб бораётган спортчимиз руҳий куч-қудратига таянган ҳолда қисқа фурсатларда яна катта рингдаги ўз мўжизаларини намойиш этишига ишониб қоламиз.

Июнь ойи мобайнида ўтказилган рейтинг жангларидаги муваффақияти натижасида ҳамюртимиз Шохжаҳон Эргашев ва россиялик Ботир Аҳмедов биринчи ярим ўрта вазн (63,5 кг)даги ўринларини анча мустаҳкамлаб олишди. Гулистонда туғилиб вояга етган Ботир Аҳмедов АҚШнинг Атланта шаҳрида собиқ жаҳон чемпиони, доминиканлик Архенис Мендесни мағлуб этганлиги эвазига 4-поғонадан 2-ўринга кўтарилган бўлса, Шохжаҳон Эргашев жорий йил 11 июнь куни Тошкентда ўтказган рейтинг жангидан сўнг 7-поғонада ўз мавқеини яхшилаб олди.

Жаҳон боксида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган яна бир боксчимиз Хасанбой Дўсматов профессионал бокснинг 49 килограмм вазнида аста-секинлик билан ТОП-15 “зиналаридан одимламоқда”. Жорий йилнинг бошида кучли 20 таликда ҳам кўриниш бермаган Хасанбой қисқа фурсатда профессионал боксда ўз ўрни борлигини исботлади. Фаолияти мобайнида 3 та жанг ўтказиб, барчасида ғалабага эришган Дўсматов WBАнинг янгиланган рейтингида 3-ўринга кўтарилишга эришди.

Техник ва тактик маҳорати билан Европа ва АҚШ давлатларидаги бир қатор промуотерлик компаниялар назарига тушган боксчимиз яқин келажакда профессионал бокснинг чемпионлик камарларидан бирига даъвогарлик қилса ажаб эмас. Шу жиҳатдан айтиш мумкинки, шамол бўлмаса, дарахтнинг барги қимирламайди, деганларидек Дўсматовнинг истеъдоди, унинг имкониятлари, эртанги рақиблари хусусида кейинги пайтда хорижий спорт нашрлари бот-бот такрорлашмоқда.

loading...