Рамзан Қодиров Чеченистон раҳбарлигига қайта сайланиш учун ўз номзодини қўйди

0

«Мен сизларга хушхабарни етказишга шошиляпман. Бугун, 6 июль куни Чеченистоннинг амалдаги раҳбари, Россия Қаҳрамони Рамзан Ахматович Қодиров 2021 йил 19 сентябрга белгиланган Чеченистон Республикаси раҳбари сайловига ўз номзодини қўйди», — дея маълум қилди сайлов комиссияси раҳбари Умар Байханов Instagram’да.

Июнь ойида Россия президенти Владимир Путин 2007 йилдан бери Чеченистонни бошқариб келаётган Қодировни яна раҳбарлик учун номзодини қўйиш таклифини қўллаб-қувватлаганди.

«Унда (сайловда) қатнашиш керак», — деган Путин ўшанда. Қодиров бунга жавобан «садоқатли пиёда аскар» сифатида давлат раҳбарининг «ҳар қандай буйруғини бажаришга» тайёрлигини билдирди. Кейинчалик «Ягона Россия»нинг Чеченистон ҳудудий бўлими сайловларда республиканинг амалдаги раҳбарини номзод қилиб кўрсатди.

Путин томонидан қўллаб-қувватланганидан сўнг Қодиров Чеченистон раҳбари лавозимига сайланишга рози бўлди. «Мен президентимиз ва жамиятнинг хоҳиш-истагини тингладим ва сайловларда қатнашишга розилик бердим», — деди у.

Қодиров Чеченистонни 2007 йилдан буён бошқариб келмоқда. 2016 йилда у республика раҳбарлигига қайта сайланган ва 94,8 фоиз сайловчи иштирок этган сайловларда 97,56 фоиз овоз олиб, ғалаба қозонганди.

Чеченистонда сайловлар 2021 йил 19 сентябрь куни ўтказилади.

Аввал Рамзан Қодиров Россия ҳудудлари бўйича 2020 йилнинг энг бой раҳбари бўлиб чиққани, Чеченистон раҳбари вакцина олишдан бош тортганларни энг охирида эмлаш таклифини илгари сургани ҳақида хабарлар берилган.

РБК