Аёлларга кони фойда!

0

Ёз фасли соғлом овқатланишга ўтиш учун айни муддао. Барра сабзавот ва мевалар етарлича бўлгани сабаб ҳам бундай жазирама ҳароратда булочка ўрнига тарвуз ёки шафтоли еса бўлади. Яна қайси маҳсулотларни канда қилмаслик ҳақида эса қуйида маълумот бериб ўтамиз.

Олча ва гилос

Яллиғланишга қарши хусусиятга эга бўлган антоцианинларнинг кони бўлган олча ва гилос турли касалликлар, хусусан, саратон ва ёш билан боғлиқ деменсиянинг келиб чиқиш хавфини камайтиради.

Ёнғоқ

Тадқиқотларда мунтазам равишда истеъмол қилиш сут бези саратони хавфини камайтириши аниқлангани сабаб ҳам ёнғоқни, айниқса, аёллар канда қилмаслиги тавсия қилинади. Қолаверса, ярим тўйинган ёғ кислоталари, фойдали клетчатка ва антиоксидантлар юрак ва қон томирлар саломатлиги учун ҳам фойдали.

Помидор

Помидор таркибидаги ликопин ва озуқа моддалари касалликларга қарши курашиб, аёлларга хос айрим саратон турлари ҳамда юрак касалликлари хавфини камайтиради. Қолаверса, ушбу сабзавотда тери саломатлиги ва ёшлигини таъминловчи табиий коллаген бисёр. Фақат унга ўсимлик ёғи қўшиб истеъмол қилиш тавсия қилинади. Ундаги фойдали моддалар айнан ёғ билан яхши эрийди.

Тарвуз

Инсоннинг суюқлик ва намликка бўлган эҳтиёжи ёзда ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Тарвуз эса сувни ўзида мужассам қилган маҳсулотлар орасида чемпион ҳисобланади. Қолаверса, унда юрак учун муҳим бўлган калий ва ҳужайраларни шикастланишдан сақлайдиган антиоксидантлар кўп.

Мевалар

Қанча кўп мева истеъмол қилсангиз, организмдаги табиий ҳимоя шунчалик яхши бўлади. Уларнинг деярли барчасида хавфли ўсимталарнинг келиб чиқишининг олдини олишга ёрдам берадиган фойдали моддалар антоцианинлар мўл бўлади. Айнан шу сабаб ҳам ҳар куни малина, шотут ёки шунга ўхшаш бошқа меваларни ейишни канда қилмаслик керак.

Кўк чой

Ёз кунларида яхна кўк чойдан яхшиси бўлмайди. Мазкур ичимлик нафақат организмни тетиклаштиради, балки юрак учун ҳам фойдали. Таркибидаги антиоксидантлар тери ҳужайраларини ультрабинафша нурларидан шикастланишдан сақлайди.

Олхўри

Калий, К витаминининг кони ҳисобланган ушбу мева, айниқса, менопауза даврини бошдан кечираётган аёллар учун муҳим. Тадқиқотларда, қора олхўрини мунтазам равишда истеъмол қилиш суяк массаси камайишининг олдини олишга ёрдам бериши аниқланган.

Руккола

Суякларни мустаҳкам ва бақувват қиладиган руккола, остеопороз ва суяклар массаси камайишининг олдини оладиган К витамини манбайи. Айнан шу сабаб ҳам уни ейишни канда қилмаслик керак.