Жазирамадан сақланиш чораларини тўғри қўллаш бўйича тавсиялар

0

Жазирамадан сақланиш чораларини тўғри қўллаш бўйича тавсиялар

Ўзбекистонда дунёнинг энг жазирама мамлакатларидан қолишмайдиган даражада аномал иссиқ қайд этиляпти. Айрим мамлакатларда аномал иссиқ юзлаб одамлар вафотига сабаб бўлмоқда. Шундай экан, ҳар ким нафақат иссиқдан ҳимояланиш чораларини, балки бу чораларни тўғри қўллашни ҳам билиши лозим.

Кондиционер

Хонани совитишнинг энг эффектив усули. Лекин бу техникадан тўғри фойдаланилмаса, кўпгина зарарли ҳолатларга сабаб бўлиши сир эмас.

Совуқ ҳаво ҳароратининг инсон учун меъёри – 18 даража. Кўчада 40 даражадан ошиқ ҳарорат бўлса-ю, хонадаги ҳароратни 18 даражадан пасайтириб юборсангиз, бу саломатлик учун яхши оқибатларга олиб келмайди.

Кондиционердан чиқаётган совуқлик оқими тўғридан тўғри танага урмаслиги керак. Доимий равишда совуқ ҳаво оқими таъсирида бўлиш иммунитет пасайишига олиб келади.

Вентилятор

Иссиқдан сақланишнинг арзон ва оммабоп бу усули хонанинг ўзидаги ҳароратни шамол орқали етказади холос. Агар хонадаги ҳарорат 35 даражадан юқори бўлса, вентиляторни ўчириб қўйган маъқул. Чунки бу ҳароратда унинг иссиқ шамоли инсон терисини қуритиб, сувсизлантириб қўйиши мумкин.

Вентилятордан фойдаланганда шамол йўналишига қараб музли баклажкалар қўйилса, хонага салқин шамол пуркайди.

Бу техникаларни харид қилишга қурби етмаган аҳоли қатлами нима қилади? Электр энергиясида узилиш бўлганда-чи?

Иссиқ кунда иссиқ чой

Ўзбек халқи азалдан ёзнинг иссиғида ҳам қайноқ чой ичишни канда қилмайди. Айниқса кексалар орасида бу удум кенг тарқалган. Иссиқ ҳавода иссиқ чой қанчалик мутаносиб?

Мутахассисларга кўра, иссиқ чой тана ҳароратининг совишига хизмат қилар экан. Ичилган чой инсон танасини ичдан иситади ва кўпроқ тер ажралиб чиқишини таъминлайди. Тер ажралиши, яъни моддалар алмашинуви натижасида эса инсоннинг тана ҳарорати совийди. Лекин унинг ўрнини тўлдириб туриш, тана сувсизланиб қолишига йўл қўймаслик керак.

Албатта, бу ерда гап ўта қайноқ чой эмас, меъёрий даражадаги иссиқ чой ҳақида кетмоқда.

Деразаларни очиш

Бу чора ташқаридаги ҳаво ичкаридагига нисбатан салқинроқ бўлгандагина ёрдам беради. Агар ташқарида хонадан кўра иссиқ бўлса, деразаларни очмаган маъқул. Уларни куннинг иссиқ пайтида оқ мато ёки чойшаб билан тўсиб қўйиш тавсия этилади.

Агар қуёш нурлари тўғридан тўғри хонага тушиб, уйни ҳаддан ортиқ иситиб юбораётган бўлса, деразага фольга қоғозни ёпиштириш ҳам мумкин. Бу усул дераза орқали қуёшдан келаётган иссиқни қайтаради.

Хонани намлантириш

Совуқ сув хонани совитишда ёрдам беради. Баклажкани музли сув билан тўлдириб, вақти-вақти билан уни хонага сув пуркагич ёрдамида пуркаб турилса, хона салқинлашади.

Хонадаги ҳавони тозалаш мақсадида бу сувга ялпиз, лимон суви, эфир мойи кабилардан бирортаси қўшилса, яхши ҳид ҳам таратади.

Сурп ёки бўз матолар, чойшаблар, сочиқларни муздек сувда намлаб хонага ёйиб қўйиш ҳам мумкин. Матоларни намлаб, музлаткичда бир муддат сақлаб, кейин ёйилса, янаям салқинлик бағишлайди.

Уй ичидаги электр техникалардан камроқ фойдаланиш

Телевизор, компьютер, лампочкалар, электр чойнак, кофе қайнатгич, дазмол каби техникалар ҳам хонада иссиқликни оширади. Шунинг учун зарур бўлмаганда уларни ўчириб қўйиш керак.

Уйнинг ички эшикларини очиб қўйиш хоналараро ҳаво алмашинувини яратади.

Терини намлантириш

Сув ёрдамида юз терисини, бўйин терисини озгина бўлса ҳам намлантиришга эришиш мумкин. Терини намлантириш учун ҳар хил лосьонлар, спрейлардан фойдаланса бўлади. Юз ва бўйин териси инсондаги энг сезувчан аъзолардан бўлгани сабабли инсонда бутун танада совиганлик туйғусини келтириб чиқаради ва енгиллик беради.

Улардан фойдаланишда эътиборли бўлиш керак, ҳўл тери билан кондиционер қаршисида ўтирмаслик лозим.

Салқин ичимликлар

Ҳаддан ортиқ муздек ичимликларни ичиш ҳам тавсия этилмайди, чунки улар туфайли томоқ оғриғини орттириб олиш мумкин. Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, муздек ичимликлар ички тана аъзоларини музлатиб, тана сиртида қон айланишини тезлаштиради ва бунинг оқибатида ҳарорат кўтарилиб кетади.

Бир кунда ичиладиган суюқлик миқдори 3 литрдан кам бўлмаслиги керак ва улар орасида кўк чой, лимон чой, мевалардан тайёрланган шарбатлар бўлиши тавсия этилади.

loading...