Эрон темир йўл тизимига уюштирилган киберҳужум тартибсизликлар келтириб чиқарди

0

Эронда поездлар ҳаракати жадвали ишламаяпти, бунга темир йўл компьютер тизимига уюштирилган киберҳужум сабаб бўлиши мумкин, деб ёзади «Korrespondent.net» маҳаллий ОАВга таяниб.

«Мамлакат миллий темир йўл компаниясининг компьютер тизимидаги узилишлар сабабли 9 июль куни куни Эронда темир йўл станцияларини тартибсизликлар қамраб олди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Эроннинг ярим расмий агентлиги Fars узилишларнинг сабаби кенг кўламли киберҳужум деб атаган. «Юзлаб темир йўл қатновлари кейинга қолдирилди ёки бекор қилинди, чиптахоналар ишламаяпти, юк ва йўловчиларга электрон хизмат кўрсатиш тўхтатилди», — деб ёзади агентлик.

Хабарга кўра, Эрон темир йўл компаниясининг расмий веб-сайти ҳам ишламай қолган.

9 июль куни Эрон пойтахти Теҳроннинг ғарбий қисмида, тахминан миллий боғ ҳудудида кучли портлаш содир бўлганди. Портлаш овози Эрон пойтахтининг чекка ҳудудларига ҳам эшитилган.

Аввалроқ Эронда президент сайлови участкаларидан сайлов қутиларини олиб кетаётган вертолёт ҳалокатга учрагани, Эроннинг янги президенти мамлакатдаги коррупция ва қашшоқликка қарши курашишга ваъда бергани ҳақида хабар берилганди.