Отабек Шарапов: “Маркетингда асосий мақсадни бойлик орттириш ёки машҳурликка эришишга эмас…”

0

Пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да Marketing.uz лойиҳасининг 5-сони бўлиб ўтди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги Лойиҳалар бошқаруви маркази ва “Миллий маркетинг ассотсиатсияси” ҳамкорлигида ташкил этилган маҳорат дарсларида “605” агентлиги асосчиси Отабек Шарапов, “Локалс” креатив агентлиги раҳбари Фарҳод Норбоев ҳамда “Бизнес квадрат”, “Патронлар лигаси” лойиҳалари асосчиси Муҳаммадали Эшонқуловлар спикер сифатида иштирок этди.

— Маркетингнинг асосий принсипларидан бири ҳалолликдир. Сиз бизнесингизга истеъмолчи кўзи билан қарай олсангиз, олдингизга қўйган аниқ мақсадингиз ортидан яхши натижага эришишингизга ишонсангиз, демак сизнинг бизнесингизда маркетинг бор, – дейди Муҳаммадали Эшонқулов. — Брендда ўзингизда йўқ нарсани кўрсатманг ва доимо самимий бўлинг!

Ушбу маҳорат дарсларида тадбиркорлик соҳасида салмоқли ютуқларга эришган бизнес вакиллари маркетинг, шахсий бренд ва реклама соҳалари бўйича ўз муваффақият сирлари ва тажрибаларини бўлишди. Иштирокчилар маркетинг фундаменти ва инсоннинг шахсий маркетинг фундаменти хусусида керакли маълумотга эга бўлишди. Бундан ташқари, улар маркетингнинг мақсади ва унинг асосий вазифалари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

“Локалс” креатив агентлиги раҳбари Фарҳод Норбоев маркетинг одамларга худди кино, янгиликлар, мусиқа, китоблардек таъсир кўрсата олишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Маркетинг асосида бозорда талабни ўрганиш, бозор таркибини аниқлаш, товарни ўрганиш, рақобат шароитларини тадқиқ қилиш,   сотиш шакли ва услубларини таҳлил этиш кераклигини тушунтирди. Шунингдек, бозорни билиш, бозорга мослашиш, бозорга таʼсир оʻтказиш маркетингнинг асосий тамойиллари эканини қайд этди.

—Сифатли маҳсулот, ҳамёнбоп нарх, етказиб бериш хизматини тўғри йўлга қўйиш ва қизиқарли реклама маркетингнинг муҳим пойдевори ҳисобланади, – дейди “605”   агентлиги асосчиси Отабек Шарапов. —Маркетингда мақсадни бойлик орттириш ёки машҳурликка эришишга эмас, профессионаллик ва ўз устингизда ишлаш билан боғланг. Сиз ўз соҳангизнинг проффесионали бўлсангиз, ривожланишга интилсангиз, бойлик ҳам машҳурлик ҳам ўзи сизни излаб топади.

Тадбир якунида спикерлар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб беришди.

Маълумот учун: Маркетинг.уз лойиҳаси ҳар ойда Ўзбекистондаги таниқли соҳа экспертлари иштирокида ўтказиладиган маҳорат дарсларидир. Лойиҳанинг асосий мақсади ёшларни соҳага қизиқтириш, бизнес эгалари учун маркетинг бўйича фойдали маълумотлар етказиш ҳамда соҳага қизиқувчилар ёшлар ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш. Ҳар бир сонда соҳада катта тажрибага эга 3 та спикер ўз билимларини ёшлар билан бўлишади. Шу кунга қадар мазкур лойиҳада Ферузхон Ёқубхўжаев, Жўрабек Бабаев, Малик Каримов, Шоҳрух Низамутдинов, Акмал Раимов каби соҳа профессионаллари иштирок этишган.

loading...